Ўзбекистон АҚШда туризм салоҳиятини кенг намойиш этди

Ўзбекистон Америка бозорида мамлакатнинг бой туризм салоҳиятини тарғиб этиш мақсадида «Ўзбекистон — Ипак йўли дурдонаси» шиори остида қатор road-shou тадбирларини ўтказди. Мазкур тақдимотлар АҚШнинг йирик мегаполислари — Нью-Йорк ва Чикаго шаҳарларида ташкил этилди.
Road-shоунинг биринчи босқичи 2026 йил 24 январь куни Нью-Йорк шаҳрида АҚШдаги энг нуфузли сайёҳлик кўргазмаларидан бири ҳисобланган «Travel & Adventure Show-2026» доирасида бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маданий мероси, турли хил туризм йўналишлари ҳамда мамлакатнинг бетакрор табиий ва меъморий обидалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Тақдимот компаниясининг иккинчи босқичи 2026 йил 27 январь куни Чикаго шаҳрида ўтказилди. Унда туризм соҳаси мутахассислари, туроператорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари Ўзбекистоннинг тарихий-маданий бойликлари, ноёб сайёҳлик маршрутлари ва замонавий туризм инфратузилмаси билан яқиндан танишди.

Қайд этилишича, АҚШнинг етакчи шаҳарларида ўтказилган ушбу road-shou тадбирлари Ўзбекистонни Буюк Ипак йўлидаги муҳим сайёҳлик марказларидан бири сифатида халқаро миқёсда илгари суришга хизмат қилади. Шунингдек, тадбирлар хорижий ҳамкорлар ва сайёҳлар орасида мамлакатга бўлган қизиқишни янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА