Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

33

Тараққиётнинг ягона ва ўзгармас қоидаси тинимсиз меҳнат ва тажрибадан иборат. Барча соҳалар қаторида мамлакатимизнинг олий таълим тизими ҳам ана шундай йўлни босиб ўтмоқда. Халқаро ҳамкорликлар орқали муқобил тизим яратишни кўзлаган соҳа вакиллари мақсад сари олға интилмоқда. Қувонарлиси шуки, тили, маданияти бизга яқин бўлган миллатлар билан ҳам алоқалар дўстона тус олмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Туркия Республикаси Олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар учрашув ўтказди.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон – Туркия муносабатлари сўнгги йилларда кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини, жумладан, олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг таклифига биноан Туркия Республикасига амалга оширадиган расмий ташрифи икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, олий таълим, фан ва инновациялар соҳаларидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.

Албатта, таълим тизими ривожини янги босқичга кўтариш бўйича давлатимиз раҳбари илгари сураётган ташаббуслар бу каби ҳамкорликларда ўз аксини топади.

Шербек Исломов,

ЎзА