Nipah ва COVID-19 орасида боғлиқлик борми?

25

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мутахассислари “Nipah” ва COVID-19 вирусини қиёсий ўрганиб, қуйидаги хулосага келишди: “Nipah” вируси янги COVID-19 эмас. Бу олимларга маълум.

Январь ойи ўрталарида Ҳиндистон шарқидаги Ғарбий Бенгал штати расмийлари икки нафар тиббиёт ходими “Nipah” вирусини юқтиргани ҳақида хабар берган эди. Айни пайт ўзлари ишлайдиган Барасат шифохонасида даволанаётган бу беморлар вентиляторга уланган изоляция бўлимига ётқизилган.

Ғарб оммавий ахборот воситалари касалланиш ҳолати кўпайгани тўғрисидаги миш-мишга қарамай, Ҳиндистон ҳукумати янги вирус чиққанини ҳали тасдиқлагани йўқ.

ЖССТ эса “Бу сўнгги йигирма йил ичида Жанубий ва Жануби-шарқий Осиёда спорадик эпидемияга сабаб бўлган маълум зооноз вирус”, дея қўшимча қилган. Тузилма эпидемиологик назорат, хавфни баҳолаш ва жавоб чораларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакат соғлиқни сақлаш идоралари билан яқин ҳамкорликни давом эттирмоқда.

Ташкилот экспертлари баҳосига кўра, “Nipah” дунёдаги энг хавфли вирус” экан. Мазкур хасталикни даволаш ёки ушбу вирусга қарши эмланишнинг иложи йўқ. “Nipah” иситма ва энцефалопатияга сабаб бўлади. Яъни, мия ҳужайраларини шикастлаб, 40-75 фоиз ҳолатда ўлимга олиб келади.

Бу вирус жониворлар, кўпинча сичқон орқали тарқалади, одатда касал ҳайвоннинг сўлаги орқали юқади. Уй ҳайвонларига ҳам ўтиши мумкин.

“Nipah” ҳавога деярли тарқалмайди. Демак, ҳаво орқали эмас, балки фақат инфекцияланган инсон танасидаги суюқлик орқали юқади.

Г.Сатторова, ЎзА