Украина ТИВ: Киев ва Москва АҚШ билан алоҳида келишув имзолайди

Украина – Россия низосини тугатишга қаратилган музокара якунида тўғридан-тўғри икки томонлама шартнома эмас, балки ҳар икки давлатнинг АҚШ билан алоҳида-алоҳида келишуви имзоланишини режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига “Европейская правда” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир муҳокама қилинаётган 20 банддан иборат асосий ҳужжат Украина –АҚШ ва АҚШ –Россия форматида тасдиқланади. Киев –Москва бевосита келишуви масаласи кун тартибида йўқ.
Европа жараёндан четда қолмайди
Украина ТИВ раҳбари таъкидлашича, Европа давлатлари бу ҳужжатларга имзо қўймаса-да, хавфсизлик кафолати бўйича музокарада иштирок этмоқда. Айни пайт илк бор расман“Хавфсизлик кафолати” атамаси қўлланяпти.Бу сиёсий жиҳатдан муҳим ўзгариш ҳисобланади. Сибига АҚШ ҳарбийлари Украина ҳудудига тинчликпарвар куч сифатида жойлаштирилмаслигини ҳам қўшимча қилган.
Энг мураккаб масала – ҳудудлар ва Запорожье АЭС
Мулоқот чоғи ҳал қилинмаган икки асосий масала бор: ҳудудлар тақдири ва Запорожье атом электр станциясининг мақоми. Украина ТИВ раҳбари айтишича, мазкур муаммони ҳал этиш учун Украина Президенти Владимир Зеленский Россия Президенти Владимир Путин билан шахсан учрашишга тайёр.
АҚШ кафолатни Донбасс билан боғламоқда
“Financial Times” нашри ёзишича, АҚШ маъмурияти Киевга хавфсизлик кафолати Украина Донбасснинг бир қисмини Россия назоратига ўтказишга рози бўлишига боғлиқлигини очиқ айтган. Айрим манбалар Бу розилик эвазига Америкатомонидан Киевга қўшимча ҳарбий ёрдам ҳам таклиф қилинган. Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Анна Келли эса ушбу маълумотни инкор этиб, “Financial Times”ни музокара жараёнига салбий таъсир ўтказувчи асоссиз ахборот тарқатишда айблади.
Киев расмийлари эса айни масалага очиқ изоҳ беришдан тийилди. Баъзи украиналик амалдорлар фикрича, АҚШ кафолат орқали Киевни мураккаб сиёсий муросага ундашга ҳаракат қиляпти.
Вашингтон учун сўнгги муддат – 15 май
Олий Рада депутати Алексей Гончаренко урушни тугатиш бўйича келишув 15 майга қадар имзоланишини кутилаётганига эътибор қаратган. Яъни, бу сана Вашингтон учун норасмий чегара ҳисобланади. Агар шу муддатгача натижа бўлмаса, АҚШ музокарадан чиқиб кетиши ҳам мумкин экан.
Музокара давом этади
23-24 январь кунлари Абу-Дабида Россия, Украина ва АҚШ вакиллари ўртасида илк бор уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Президент Владимир Зеленский воқеани ижобий баҳолаб, делегациялар 1 февраль куни яна кўришишини маълум қилди.
Д.Ҳакимов, ЎзА