Суд ислоҳотлари ва рақамли адлия: талабалар учун амалий тушунтириш

24

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан судьялар иштирокида учрашув ўтказилди.

Тадбирда суд тизимини рақамлаштириш, коррупцияга қарши курашиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорларининг аҳамияти ёшларга тушунтирилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди судьяси А.Иматов суд тизимида коррупциянинг олдини олиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, суд жараёнларининг электронлашуви шаффофликни ошириб, инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.

Шунингдек, ўтказилган тадбирда Нукус туманлараро маъмурий судининг судьяси Қ.Бабаназаров 2025 йил 24 ноябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 23-сонли қарорининг аҳамияти бўйича кенг тушунтириш бериб, ушбу қарорнинг суд амалиётидаги ягона ёндашувни таъминлашга қаратилганлигини таъкидлади. Шу билан бирга, судьялар ўз маърузаларида суд ишларини рақамлаштириш орқали фуқароларнинг судларга мурожаат қилишини соддалаштириши, масофавий иштирок этиш, электрон ариза бериш ва суд ҳужжатларини онлайн олиш имкониятларини янада кенгайтириши таъкидланди. Бу ўз навбатида одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан ўзаро фикр алмашди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси