Болаларнинг дардига шифо бўлган даргоҳ

Сўнгги йилларда дунёда турли салбий омилларга боғлиқ болалар ўртасида касаллик турлари кўпайиб, бу дунё ҳамжамиятини ташвишга солмоқда.
Айниқса, бола деса жонини берадиган бизнинг халқимиз, гўдакларнинг жони оғриётганини билса, ўзини қўярга жой тополмай, уни шифокорга кўрсатиб даволатишга шошилади.
Нукус шаҳрида жойлашган Республика ҳудудий болалар тиббий реабилитация маркази халқимизга беминнат хизмат кўрсатиб келаётган шундай соғломлаштириш масканларидан биридир. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган медиатур давомида юртимиздаги оммавий ахборот воситалари ходимлари билан бир қаторда мен ҳам марказнинг бугунги ишлари билан яқиндан танишдим.
– Марказимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги «Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида»ги 310-сонли қарорининг 1-бандига асосан ташкил этилиб, 2023 йилнинг 21 февралидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси бўйича сурункали касаллиги ва ногиронлиги бўлган 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий реабилитация хизматини кўрсатиб келмоқда, – дейди марказ директори Гулистан Назаримбетова. – Республика ҳудудий болалар тиббий реабилитация маркази 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда травматология, пульмонология, неврология ва кардиоревматология бўлимлари болаларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Марказнинг асосий вазифаларидан бири 18 ёшгача бўлган ногирон ва бемор болаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, шу билан бирга саломатлигини тиклаш (реабилитация) орқали даволаш, ногиронликнинг олдини олиш, касалликларнинг профилактикаси ва тиббий реабилитация бўйича юқори технологияларга асосланган ихтисослаштирилган ёрдамга бўлган эҳтиёжни қаноатлантиришдан иборат. Шунингдек, марказда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория ва физиотерапия бўлимлари ташкил этилган.
– Ўтган йилнинг февраль ойидан бошлаб 2021 йилда туғилган боламни шу марказга олиб келиб, даволатяпман, – дейди Қўнғирот тумани фуқароси Жазира Алиева. – Шифокорларнинг тўғри ташхис қўйиши, керакли муолажаларни буюриши ва ҳамшираларнинг талабга жавоб берадиган тиббий хизмат кўрсатиши натижасида, илгари фақат «дада» деган сўзни айтадиган болам бугунги кунга келиб, ўзи тўлиқ таништириб, қўшиқ-достонларни ёддан айта оладиган даражага келди. Бунинг учун марказ шифокори Гулсара Тажибекова ва ҳамшираларга катта раҳмат айтаман.
Барча қулай шароитлар яратилган ва энг замонавий тиббий аппаратуралар билан таъминланган ушбу марказда ногиронлиги қайд этилган болалар йилига 12-14 кундан икки марта бепул даволанади, болалар 5 маҳал овқат билан, унинг парваришловчилари эса 3 маҳал овқат билан таъминланади.
– Қорақалпоғистон Республикаси Республика Жўқорғи Кенгеси Президиумининг махсус қарори асосида, 2024 йилда 2 млрд 275 млн сўмга ТМС, ЭНМГ, рақамли Рентген ва УЗИ ҳамда ЭКГ, 2025 йилда «Меҳрибон инсонлар» жамғармаси томонидан болалар дам олиш хонаси, даволаш-жисмоний тарбия хонаси, 2026 йилда сув муолажаси ва хоналари керакли асбоб-ускуналар билан таъминланиб, ўрнатиб берилди, – дейди марказнинг бош шифокори Илаҳийда Қурбонова. – Бунинг учун республикамиз ҳукуматига, соҳа раҳбарларига ва «Меҳрибон инсонлар» жамғармасига алоҳида миннатдорлик билдираман.
– 2021 йилда туғилган қизим 1 ёшида инсульт бўлиб, чап қўли ва оёғи ишламай қолган эди, – дейди марказда қизини даволаётган амударёлик Умида Саидова. – Худога минг қатла шукр, ушбу марказ шифокорлари, айниқса, Гулсара Тажибекова ва Гўззал Кенжабоеваларнинг қизимга кўрсатган холис ёрдами туфайли, бугун қизим сафга қўшилиб, касаллигидан тўлиқ тузалиб кетди. Менинг марказ раҳбарлари, шифокорлари, ҳамширалари, ошпазлари ва кичик бўғин тиббиёт ходимларига айтар ташаккурим чексиз. Чунки, уларнинг ёрдамисиз бизлар шундай чексиз бахтга бурканмаган бўлар эдик. Илоҳим, барака топсин…
– ТМС тиббий аппарати (транскраниал магнитли стимулятор) – бош мия пўстлоғини қисқа магнит импулслари билан инвазив бўлмаган ҳолда қўзғатувчи қурилма бўлиб, неврология, психиатрия ва реабилитацияда депрессия, инсульт оқибатлари, Паркинсон ва Альцгеймер касалликлари, ДСП касаллигини даволашда қўлланилади, – дейди марказнинг нейрофизиолог шифокори Гулсара Тажибекова. – Бу муолажа инсон танасида мия функцияларини тиклашга ёрдам беради. Ўзим шу аппаратурада одамларни даволаш бўйича махсус курсда ўқиб қайтиб, халқимизга хизмат қилиб келяпман.
– Марказимиз ходимлари бу ерга келган ҳар бир бемор тез орада ўз оёғи билан юриб, соғайиб кетади, -деган сўзни ўзларига шиор қилиб олган ва шу ваъдани бажариш учун фидокорона меҳнат қилади, -дейди марказ директори Гулистан Назаримбетова. – Лекин, негадир халқимиз дори-дармонга қаттиқ ишониб қолган ва марказга келса, боламга қандай укол қиласиз деб сўрайверади. Мен бўлсам уларга болаларни кўпроқ физиотерапевтик даволаш усуллари билан даволаймиз деб айтаман. Дастлабки вақтлари улар менинг сўзимга унча ишонишмайди. Аммо, боласига эм қўнганини кўргандан сўнг бўлса, ўзларининг кўз ёшларини тўхтата олмай марказ ходимларига минг сон-саноқсиз олқишларини ёғдиради. Масалан, ўтган йили Чимбой туманидан келган бир ота-она ўзининг юра олмайдиган боласини олиб келиб, уни даволагандан сўнг, ўз оёғи билан юрганини кўриб, қувонганидан беихтиёр йиғлаганини кўрганда, бизлар ҳам қўшилиб йиғладик. «Бола кулса, олам кулади»-деган гап рост экан. Сўнгра чимбойлик ота-она бизларни «боласининг оёқ босиб юрган сочига» чақирди. Ўшанда улар бизлар боламизга оёқ кийим сотиб олмайдиган бўлармиз деб ўйлардик. Мана худога шукр, бугун юртимизда тиббиёт соҳаси яхши ривожланган экан, болам ўз оёғи билан қора ерни қайта-қайта босди. Бунинг учун сизларга жуда миннатдорман деб чексиз қувончга тўлди. Халқимизнинг бундай олқишлари марказ ходимларига алоҳида куч-қувват бериб, бизларни янада олдинга интилиб боради.
Маълумот учун айтадиган бўлсак, республикамиз аҳолисига беминнат хизмат кўрсатиб келаётган ушбу реабилитация марказида бугунги кунда 20 шифокор, 62 ҳамшира, 55 кичик бўғин, 4 педагог, 20 хўжалик ишлари бўйича мутахассислари хизмат кўрсатиб келмоқда. Шифокорлардан 5 нафари олий, 2 нафари биринчи ва 3 нафари иккинчи тоифали мутахассисликка эга.

Ўтган йили марказда ногиронлиги ва сурункали касаллиги бўлган 3138 нафар бола даволаниб чиққан.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.
М.Ҳабибуллаев олган суратлар