“Долзарб 100 кунлик”: нефть-газ соҳасида белгиланган устувор вазифалар қандай бажарилмоқда?
Нефть-газ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги, аввало, қабул қилинган қарорлар ва белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ ижро этилишига бевосита боғлиқ. Стратегик аҳамиятга эга ушбу тармоқда ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш ижро интизомини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда.
Шу боис, соҳада олиб борилаётган ҳар бир ислоҳотнинг амалдаги натижаси раҳбарлар ва масъул ходимларнинг масъулияти ҳамда ижрога бўлган ёндашуви билан белгиланади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов иштирокида ўтказилган навбатдаги йиғилишда жамият фаолиятидаги шу каби устувор йўналишлар, берилган топшириқлар ижроси ҳамда ижро интизомини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш давомида “долзарб 100 кунлик” доирасида шу кунга қадар амалга оширилган ишлар ва мавжуд камчиликлар атрофлича таҳлил этилди.
Қайд этилганидек, мазкур давр мобайнида жамиятда геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, газ қазиб чиқариш ҳажмларини ошириш, нефть-газ маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичларини таъминлаш, молиявий соғломлаштириш, кредит юкини камайтириш ҳамда рақамлаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.
Шу билан бирга, топшириқлар ижроси жойларда ўз аксини бераётгани қайд этилиб, вазифаларнинг айрим бандларини бажаришда юзага келаётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ ечимлар ўртага ташланди. Хусусан, газ қазиб чиқаришни ошириш, қудуқларни бурғилаш ва капитал таъмирлаш ишларини жадаллаштириш, замонавий технологияларни жалб қилиш, хорижий ҳамкорлар билан музокараларни самарали ташкил этиш, бурғилаш учун зарур моддий-техника ресурслар таъминотини қатъий назоратга олиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, йиғилиш якунида бошқарув раиси ижро интизомини таъминлаш барча раҳбарлар учун устувор вазифа эканини алоҳида таъкидлаб, барча топшириқлар ижросини кунлик назоратга олиш ҳамда натижалар юзасидан ой якунида ҳисобот тақдим этиш вазифасини белгилаб берди. Ижро интизомини бузган масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши белгиланди.
“Долзарб 100 кунлик” натижалари кўрсатдики, нефть-газ соҳасидаги ислоҳотлар фақат ижро интизоми ва масъулиятли ёндашув натижасида самара беради. Барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва вазифаларни қатъий назорат қилиш соҳадаги ҳар бир раҳбар ва ходим учун устувор вазифа бўлиб қолмоқда.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА