Гастрономик туризмнинг ривожланиши: халқаро меъёрларга амал қилиш кун талаби

4

Бугунги кунда «DMO Karakalpakstan» (Destination Management Organization of Karakalpakstan – туристик йўналишни бошқарувчи ташкилот) жамоат бирлашмаси томонидан ҳудуднинг туризм соҳасини ривожлантириш йўналишида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Нукус шаҳрида ушбу ташкилотнинг «Жамоат овқатланиш жойларида гигиена ва сифатни бошқариш» мавзусидаги навбатдаги семинар-тренинги бўлиб ўтди.

Тадбир «QR Gastronomic Quality» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

«DMO Karakalpakstan» ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ижтимоий буюртмалар танловининг ғолиби бўлиб, «QR Gastronomic Quality: Қорақалпоғистоннинг жозибадорлигини ошириш учун гастрономик туризм хизматларининг сифатини баҳолаш ва яхшилаш» лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа гастрономик хизматлар сифатини ошириш ва минтақанинг туристик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган.

Семинар-тренингни Қорақалпоғистон Республикаси Ошпазлар уюшмасининг Нукус шаҳридаги ҳудудий бўлими бошлиғи Гулмирза Юлдашев олиб борди.

Тадбирда умумий овқатланиш жойларида халқаро стандартлар ва санитария меъёрларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, гигиенаси ва хавфсизлигини бошқариш тизимларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Семинарда кафе, ресторан ва чойхоналарнинг эгалари ва бошқарувчилари, кафе ва ресторанларнинг ошпазлари, официантлар, зал бошқарувчилари, гастрономик лойиҳаларнинг вакиллари, шунингдек, сервис соҳасига қизиқувчи ёшлар иштирок этди.

Семинарнинг мақсади – озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш, шунингдек, ходимлар ва раҳбарларнинг масъулиятини оширишдан иборат.

Шунингдек, семинарда сифат ва гигиена назорати тизимларининг халқаро тажрибалари, Ўзбекистоннинг санитария қонунчилиги талаблари, озиқ-овқат гигиенаси ва хавфсизлиги, ички назорат ва сифат аудити воситалари ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Семинарда иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги