2030 йилгача онкобеморларни даволаш билан 100 фоиз қамраб олиш режалаштирилмоқда

4

Шарҳ

Айни кунга қадар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янада бойитилган, янги таҳрирдаги лойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинди ва кўплаб таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бугун, 28 январь куни жамоатчилик муҳокамаси якунланади. Маълумотларга кўра, салкам бир ой давомида юртдошларимиз томонидан 3 минг 200 дан зиёд фикр-мулоҳазалар келиб тушди.

Стратегия лойиҳасида барча йўналишларда қатор мақсадли кўрсаткичлар, муҳим ҳаётий вазифалар ўз аксини топгани эътиборга молик. Хусусан, аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш, касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, даволаш чораларини жадаллаштириш борасида муҳим мақсадлар, вазифалар кўзда тутилгани миллат генофондини асраш, юртимиз аҳолисининг саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Айниқса, онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш йўналишида белгиланаётган мақсад-вазифалар сўнгги йилларда кўпайиб бораётган бу хавфли хасталикни ўз вақтида аниқлаш ва даволаш чораларини кўришда алоҳида ўрин тутади.

Хусусан, стратегия лойиҳасида 2030 йилгача барча хавфли ўсма аниқланган беморларни даволаш билан 100 фоиз қамраб олинишини таъминлаш вазифаси кўзда тутилмоқда. Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда онкологик касалликларни аниқлаш ва ўз вақтида даволаш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларга давлат бюджетидан муайян миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Эндиликда мазкур стратегик ҳужжат доирасида ушбу йўналишдаги ишлар янада жадал тус олади, аҳоли саломатлигини асраш масалаларига янада изчиллик билан ёндашилади.

Бундан ташқари, стратегия лойиҳасида саратон касаллиги билан 1 йил ичида ўлим кўрсаткичи 15 фоиздан юқори бўлмаслигига эришиш, катталар орасида (40 ёш ва ундан катта) қандли диабетни эрта аниқланиш кўрсаткичини 70 фоизгача ошириш мақсадлари ҳам кўзда тутилмоқда.

Ушбу мақсадлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасидаги ишлардан тортиб касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларни янада юқори босқичга кўтаради. Энг асосийси, аҳоли саломатлигини сақлашга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА