Хитой ҳаво ёрдамида электр энергияси ола бошлади

5

Хитойнинг Цзяньсу музофотида электр энергиясини сиқилган ҳаво орқали сақлайдиган дунёдаги энг йирик объект ишга туширилди. Мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва инфратузилмани ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшадиган ушбу мажмуа «Harbin Electric Corp.» иштирокида барпо этилди.

Қуввати 600 МВт бўлган, 2400 МВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконига эга мазкур қурилма тахминан 600 000 хонадоннинг йиллик эҳтиёжини қоплай олади. Соҳа мутахассислари бундай объектлар саноат миқёсида энергияни сақлаш учун энг тежамкор ва чидамли ечим эканини таъкидламоқда.

Станциянинг иш услуби ҳудуд табиий хусусиятига асосланган:

Тун пайти тармоқдаги ортиқча электр энергияси ёрдамида ҳаво махсус ер ости ғорига сиқиб сақланади. Кундузи тўпланган ҳаво қайта чиқарилиб, турбиналарни ҳаракатга келтиради ва барқарор электр энергияси истеъмолчига етказилади.

Умуман, ХХРда қайта тикланувчи энергия манбалари кенг жорий этилиши ҳисобига энергияни сақлаш жадал оммалашмоқда. Расмийлар соҳани янада ривожлантириш бўйича улкан мақсадларни белгилаган. Режага кўра, 2027 йилга қадар тизимга 180 ГВтдан зиёд янги қувват қўшилиши  кутиляпти.

Ф.Яхшибоева, ЎзА