Қорнинг агрономик аҳамияти қандай?
Қишлоқ хўжалигида қор табиатнинг муҳим неъматларидан бири ҳисобланади. У ерни намлик билан таъминлайди, тупроқни қаттиқ совуқдан ҳимоя қилади ҳамда баҳорги ҳосил учун қулай шароит яратади. Шунинг учун ҳам қорнинг ўз вақтида ёғиши деҳқончилик ва боғдорчилик ривожи учун катта аҳамиятга эга.
Маълумки, қиш мавсумида далаларда фаол агротехник ишлар вақтинча тўхтайди. Бироқ бу сукунат остида қишлоқ хўжалиги учун ниҳоятда муҳим жараёнлар давом этади.
Соҳа вакилларининг сўзларига қараганда, қор оддий ёғингарчилик эмас. У ўз вақтида ва етарли миқдорда ёғса, қишлоқ хўжалиги учун чинакам барака манбаи ҳисобланади. Кўпинча амалиётда “10:1” қоидаси қўлланилиб, 10 см. қор 1 см. суюқ сувга тенг деб қаралади. Аммо амалда қорнинг зичлиги ва намлиги турлича бўлади. Айрим ҳолларда қор қуруқ, енгил ва пахмоқ бўлиб, сув миқдори кам бўлади. Баъзан эса қор ҳўл ва оғир бўлиб, атиги 3-5 см. қор 1 см. суюқ сувга тенг келиши мумкин. Ана шу фарқ кейинги мавсумдаги ҳосилдорликка бевосита таъсир кўрсатади.
Қор тупроқ учун табиий ҳимоя қатлами вазифасини бажаради. Ҳатто −15−20°С совуқда ҳам қор остидаги тупроқ ҳарорати тахминан 0°С атрофида сақланиб қолади. Бу эса кузда экилган буғдой, арпа, шоли каби қишки экинларни совуқ уришидан ҳимоя қилади ва уларнинг нобуд бўлишининг олдини олади. Шунингдек, қор қатлами тупроқ юзасини шамол ва сув эрозиясидан ҳам муҳофаза қилади. Шунингдек, қор тупроқни фақат намлик билан эмас, балки атмосфера таркибидаги азот, нитрат ва аммоний билан ҳам бойитади. Ушбу моддаларнинг қор билан тупроққа сингиши экинлар учун табиий озуқа манбаи бўлиб хизмат қилади.
Эрта баҳорда, айниқса, сув эквиваленти юқори бўлган қорнинг аста-секин эриши натижасида тупроқ етарли даражада намланади. Бу эса ўсимликларнинг илдиз тизими ривожланиши ва юқори ҳосилдорликни таъминлаш учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА