«Ҳалоллик ороли»нинг ареали кенгаймоқда
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича «Ҳалоллик ороли» ((Islands of Integrity) методологиясининг иккинчи босқичи ишга туширилди. Бу ёндашув мамлакатнинг қатор ҳудудларида илгари амалий натижаларини кўрсатган маҳаллий бошқарув моделини кенгайтиришни назарда тутади.
Тўрткўл туманида коррупцияга қарши курашишнинг халқаро миқёсда тан олинган ушбу «Ҳалоллик ороли» методологиясини жорий этишнинг иккинчи босқичига старт берилди.
Ушбу тадбирга миллий ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси А.Атажанов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У.Тўхташева, Тўрткўл тумани ҳокими И.Худайбергенов, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегациясининг Иккинчи котиби ва ҳамкорлик бўлими раҳбари Христос Ма иштирок этди.
Иккинчи босқич 2024-2025 йилларда Вобкент тумани, Жиззах шаҳри ва Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган дастлабки тажрибага асосан амалга оширилмоқда. Биринчи босқич доирасида маҳаллий ҳокимият органлари давлат бошқарувининг коррупцияга энг моил соҳаларида коррупция хавф-хатарларини аниқлаш, ички тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш ва маҳаллий шароитларга мос келадиган амалий ечимларни келишиш учун бир қатор тизимли семинарлар доирасида биргаликда иш олиб борди. Натижада, ҳар бир тажриба ҳудуди ўзининг 2025-2026 йилларга мўлжалланган Стратегик йўл харитаси ва Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқди. Ушбу ҳужжатларда давлат органларининг кундалик фаолиятида коррупция хавфини камайтириш бўйича аниқ қадамлар белгилаб қўйилган. Ушбу режалар маҳаллий мансабдор шахсларнинг ўзлари томонидан ишлаб чиқилганлиги сабабли, улар ҳақиқий амалиётга асосланади ва кучли маҳаллий ёндашув ҳамда натижа учун масъулият таъминланади.
Ушбу тажрибага таяниб, Ўзбекистон 2026 йилда ушбу ёндашувни яна олтита туман, яъни Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани, Навоий вилоятининг Конимех тумани, Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани, Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани, Наманган вилоятининг Поп тумани ва Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида қўлламоқда. Бундан мақсад – синов босқичидан олинган сабоқларни қўллаш ва ҳалоллик амалиётини маҳаллий ҳокимликларнинг кундалик фаолиятига айлантиришдир.
Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши билан яқин ҳамкорликда БМТ Тараққиёт дастурининг ушбу методологияни Ўзбекистон шароитига мослаштириб, ҳудудларда ёндашувни жорий этишни қўллаб-қувватлайдиган коррупцияга қарши курашиш бўйича мутахассисларнинг миллий гуруҳини тайёрлади.
Кўзда тутилган ушбу кенгайтирилган босқич ички тартиб-таомилларни такомиллаштириш, рақамли назоратни кучайтириш ва маҳаллий даражада коррупциянинг олдини олишда жамоатчиликнинг янада фаол иштирокини рағбатлантиришга қаратилади.

Маълумот учун: Коррупцияга қарши курашиш бўйича «Ҳалоллик ороли» методологияси халқаро миқёсда тан олинган ёндашув бўлиб, Марказий, Шарқий ва Жануби-Шарқий Европанинг 11 мамлакатида ҳамда 30 дан ортиқ маҳаллий бошқарув органларида қўлланилган. 2011 йилда ушбу методология «БМТнинг давлат хизматига қўшган ҳиссаси учун» мукофотига сазовор бўлди (БМТнинг Давлат хизмати мукофоти) ва Венадаги Халқаро коррупцияга қарши курашиш академияси ва Гаага маҳаллий бошқарув академияси каби нуфузли муассасаларда ўқитилмоқда.
Ушбу методология фақат айрим шахсларни жазолашга эътибор қаратиш ўрнига, маҳаллий ҳокимият органларига ўз тизимларидаги заиф томонларни аниқлаш ва маҳаллий шароит ва ташаббусларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган амалий ечимларни жорий этишга ёрдам беради. Ўзбекистонда ушбу методология Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш» қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги