БМТ Бош котиби: Халқаро ҳуқуқ устуворлигисиз тинчлик мумкин эмас

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш кеча тузилманинг Хавфсизлик Кенгашида халқаро ҳуқуқий тартибни мустаҳкамлаш бўйича очиқ мунозарада нутқ сўзлади. Унда тинчлик, адолат ва самарали кўп томонламалик давлатларнинг БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ бўйича мажбуриятларини бажаришига бевосита боғлиқлигини таъкидлади.
– Бу тизим барча давлатлар учун мажбурийдир ва мамлакатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига ҳурматга асосланган, -деди у ўз нутқида. – 2024 йилда ташкилотга аъзо давлатлар халқаро ҳуқуққа содиқликларини яна бир бор тасдиқлаб, “Келажак учун” пактни қабул қилди, бироқ бугунги кунда вазият бироз ёмонлашмоқда. Афсуски, бутун дунёда глобал қонун устуворлиги “ўрмон қонуни” билан аралашиб кетди.
Гутерриш халқаро ҳуқуқнинг қўпол равишда бузилиши ва БМТ Низомига “бепарволик”ни қаттиқ танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бундай ҳаракатлар хавфли прецедентларни яратади ва давлатлар ўртасидаги ишончни йўқотади.
– Ғазодан Украинагача, Саҳелдан Мянмагача, Венесуэла ва бошқа жойларда халқаро ҳуқуқ тобора кўпроқ “меню” сифатида қаралмоқда, – деди Бош котиб. – Хавфсизлик Кенгаши барча давлатлар учун тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича мажбурий қарорлар қабул қилиш учун БМТ Низоми билан ваколат берилган ягона органдир. Шунинг учун Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш унинг вакиллик ва самарадорлигини ошириш учун жуда муҳимдир.
Бош котиб ҳаракат қилиш учун учта асосий йўналишни таъкидлади.
Биринчидан, барча давлатлар ўз мажбуриятларини бажариши керак. Чунки, БМТ Низомининг мақсадлари ва тамойиллари ихтиёрий эмас.
Иккинчидан, у БМТ Низомида кўзда тутилган низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш механизмларидан – музокаралар, воситачилик ва арбитраждан янада фаол фойдаланишга ва низоларнинг олдини олиш учун минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақирди. Унинг қўшимча қилишича, ривожланишга сармоя киритмасдан,қашшоқлик, тенгсизлик ва коррупцияга қарши курашмасдан тинчлик мумкин эмас.
Учинчидан, Гутерриш мустақил адлия ва жавобгарликнинг муҳимлигини қайд этди. У давлатларни Халқаро Суднинг мажбурий юрисдикциясини тан олишга ва Халқаро Жиноят Судининг мустақил фаолиятини таъминлашга чақирди.
Г.Сатторова, ЎзА