Экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилади

Бугунги кунда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи энг долзарб муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Қуйи палата мажлисида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
— Қонун лойиҳаси билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш, хусусан, дарёларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартибини бузиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахтлар ва буталарни ғайриқонуний равишда кесиш ёки йўқ қилиш, уларни муҳофаза қилиш чораларини кўрмаслик, шунингдек атмосфера ҳавосини ифлослантириш билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилмоқда, — дейди Қонунчилик палатаси қўмита раиси Х.Ғаффоров. — Лойиҳа билан “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, дарё ўзанларида норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш ёки йўқ қилиш, ифлослантирувчи моддаларни белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда атмосфера ҳавосига чиқариш, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этмаслик, шунингдек, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ёки қурилмаларда ёқилғи, моддалар ва чиқиндиларни ёқиш ҳолатлари учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар жорий этилиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, иссиқхоналарда, ишлаб чиқариш биноларида ёки ёндириш ускуналарида шиналар, битум, мазут, плёнка, синтетик картон, резина, жун толаси ва шунга ўхшаш зарарли компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёқиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади, — деди депутат.
Шунингдек, қонун лойиҳасида саноат ва бошқа турдаги чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ёки реализация қилиш жараёнларида табиатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этмаслик учун ҳам молиявий санкциялар қўлланилиши ҳам кўзда тутилмоқда.
Муҳокамаларда бир қатор саволлар кўтарилди ва қонун ташаббускорлари томонидан тегишли жавоблар қайтарилди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА