Бир йилда 9,5 мингта мурожаат келиб тушди – Бизнес-омбудсман девони
Бугун Бизнес-омбудсман девони томонидан 2025 йилда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган брифинг ўтказилди.
Ҳисоботни Ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова ўқиб эшиттирди.
Брифингда маълум қилинишича, 2025 йил давомида Бизнес-омбудсманга жами 9 555 та мурожаат келиб тушган. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг қарийб 48 фоизи қаноатлантирилиб, улар бўйича тадбиркорлар ҳуқуқлари тикланиб, қолган мурожаатлар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Аниқ статистикага кўра, мурожаатларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келар экан. Энг кўп мурожаатлар солиқ, ер ва кадастр, мансабдор шахслар қарорлари, шунингдек, текширувлар ва банк-кредит масалалари билан боғлиқ бўлган.
“Тадбиркорлар билан мулоқотда муҳим платформа бўлган “Тадбиркор виртуал офиси” орқали ҳам фаол иш олиб борилди. Ушбу платформага 7 507 та мурожаат келиб тушиб, уларда кўтарилган 8 640 та масала кўриб чиқилди. Бу рақамлар тадбиркорлар давлат идораларига кўпроқ электрон мурожаат қилишаётганини кўрсатади”, – деди Г.Шукурова.
2025 йилда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доирасида жами 3 минг 241 та таъсир чораси қўлланилган. Натижада:
220 та ноқонуний қарор бекор қилинди;
10 млрд сўм маблағ тадбиркорларга қайтарилди;
16 млрд сўм қарздорлик бекор қилинди;
40,1 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилишига эришилди.
“Ўтган йили текширувлар масаласи ҳам доимий эътибор марказида бўлди. 2025 йилда 148 мингдан ортиқ текширувлар мувофиқлаштирилган. Мониторинг натижасида 9 994 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди, шундан 567 таси ноқонуний текширувлар, 9427 таси текширувлар ўтказиш тартибини бузиш ҳолатларидир. Мазкур ҳолатларга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 1072 та маъмурий чоралар қўлланилди ва 103 та жиноий жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга йўналтирилди”, – дейилади Бизнес-омбудсман девони томонидан ўтказилган брифингда.
Шу билан бирга, ўтган йил давомида назорат қилувчи органлар ходимларига текширув ўтказиш борасидаги қонунчилик тартибларини тушунтириш мақсадида 462 та семинар ўтказилиб, уларда 26 мингдан ортиқ мансабдор шахслар иштирок этган.
Шунингдек, назорат қилувчи органларнинг 8 682 та ходими аттестациядан ўтказилиб, уларнинг 76 фоизи тадбиркорлар фаолиятида текширув ўтказишда етарли малакага эга деб топилган.
“2025 йил давомида қонунчилик ижроси назорати доирасида 14 та назорат органи фаолияти ўрганилиб, 105 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳолатлар юзасидан тақдимномалар киритилиб, маъмурий ва интизомий чоралар қўлланилди.
Шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш йўналишида ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. 2025йилда 6 та қонунчилик ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилди, 898 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди, улар бўйича 780 та таклиф ва эътирозлар билдирилди”, – деди Бизнес-омбудсман девони Ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова.
ЎзА