Ўзбекистон-Хитой: Радиация ва ядро хавфсизлигини тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилади

28

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов бошчилигидаги делегация Хитойда бўлиб турибди.

Мазкур ташриф давомида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди. Хусусан, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов ва Хитой Халқ Республикаси Атом энергетикасини тартибга солиш органи (NNSA) раиси жаноб Дун Баотонг ўртасида ўтказилган учрашув улардан бири.

Унда икки томон ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаси  мамлакат саноати учун муҳим йўналиш бўлиб, бу жараёнда халқаро тажриба ва кўникмалар муҳим аҳамият касб этади.

Музокаралар чоғида томонлар радиация ва ядро хавфсизлигини тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида идоралараро ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Мазкур меморандум Президентимизнинг тегишли фармони билан тасдиқланган Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги соҳаларида давлат назоратини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ижросини таъминлашга қаратилган. Ҳужжат икки давлатнинг ваколатли органлари ўртасида атом энергетикаси соҳасида тартибга солиш инфратузилмасини ривожлантириш, миллий атом энергетикаси дастурларини самарали ташкил этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

Қўмита ахборот хизматига кўра, ҳозирги кунда Хитой Халқ Республикасида умумий қуввати 62,2 ГВт бўлган 59 та атом электр станцияси энергоблоклари эксплуатация қилинмоқда. Шунингдек, 28 та янги энергоблок қурилиши амалга ошириляпти. Атом электр станцияларида йиллик 451 минг ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Хитой Халқ Республикаси эксплуатация қилинаётган атом энергоблоклари сони бўйича дунёда иккинчи ўринни (АҚШдан кейин), атом электр станцияларининг умумий қуввати бўйича эса учинчи ўринни (АҚШ ва Франциядан кейин) эгаллаб келмоқда. Қурилаётган янги атом энергоблоклари сони бўйича эса Хитой дунёда биринчи ўринни эгаллайди.

Таъкидлаш керакки, ушбу имзоланган меморандум атом электр станцияларини қуриш ва эксплуатация қилишда радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш бўйича назорат амалиётини ўрганиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида илғор халқаро тажрибани юртимизда татбиқ этишда муҳим қадамдир.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА