Сенат: Ташқи сиёсат концепцияси такомиллаштирилади, яхши қўшничилик алоқалари кенгайтирилади

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилаётган халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий жозибадорликни ошириш ҳамда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимиз халқаро имижини янада ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини янада ошириш ва туризмни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ташқи сиёсат концепцияси такомиллаштирилиб, яхши қўшничилик алоқалари кенгайтирилади. Миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизнинг инвестицияларни жалб қилиш стратегияси, миллий экспорт географиясини диверсификация қилиш, шунингдек, халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик янада фаоллаштирилади.

Янги туризмни ривожлантириш стратегияси доирасида мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини халқаро миқёсда тарғиб этиш, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, хизматлар сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳокама қилинди.
Сенаторлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашда парламент назоратини кучайтириш, давлат органлари ва жамоатчилик ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Н.Абдураимова,
ЎзА