Сайёр суд — очиқлик ва қонунийлик намунаси

26

Чимбой тумани ёшлар маркази биносида Жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани суди раиси А.Успанов раислигида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми билан айбланган Э.Д.нинг ва Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбланган П.Ж.га нисбатан тўпланган жиноят ишлари кўриб чиқилди.

Судланувчи Э.Д. ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдиргани сабабли, жиноят ишлари бўйича Чимбой туман судининг ҳукми билан унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга ушбу модда билан жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, сайёр суд мажлисида судланувчи П.Ж. ҳам ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, пушаймонлик билдиргани, жабрланувчига етказилган моддий зарарлар тўлиқ қопланганлиги сабабли, суд ҳукми билан судланувчи П.Ж. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун айбли деб топилиб, унга ушбу модда билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаган ҳолда ҳар ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга меҳнат билан тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, Чимбой тумани Ички ишлар бўлими ЙҲХ Пробация гуруҳи ҳисобида жазо ўтаётган 5 нафар фуқаро жазони ўташ тартиб-қоидаларига яхши муносабатда бўлгани, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Суд мажлиси якунида суд раиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан суд соҳасига оид янги қабул қилинган фармонлар тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш ишлари олиб борилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги