Янги иш ва имкониятлар: Нукусда “Чет элда иш” ярмаркаси

Нукус шаҳрида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан фуқароларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, чет элларда қонуний меҳнат қилишларига кўмаклашиш мақсадида «Чет элда иш» меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Ярмаркада Тошкент шаҳридан келган хусусий бандлик агентликлари томонидан асосан Европа иттифоқига аъзо давлатлар ва Корея Республикасида мавжуд бўлган иш ўринлари тақдим этилиб, иштирокчиларга у ерлардаги иш шароитлари, иш ҳақи, яшаш ва ижтимоий кафолатлар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Иштирокчилар хорижда ишлаш тартиби, ҳужжатларни расмийлаштириш ва тил ўрганиш масалалари бўйича мутахассислардан маслаҳатлар олди.
– Ярмаркага Тошкент шаҳридан келган хусусий бандлик агентликларининг вакиллари иштирок этиб, Германия, Словакия, Латвия, Литва, Эстония, Корея давлатларида мавжуд бўлган хизмат кўрсатиш, қурилиш ва саноат соҳалари бўйича бўш иш ўринларини таклиф этмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Қорақалпоғистон филиали бош мутахассиси Аманбай Алланиязов. – Фуқаролар ўз мутахассисликлари бўйича ҳужжатларини топширганидан сўнг, иккинчи босқичда иш берувчилар билан суҳбатдан ўтади ва шундан сўнг чет элларга ишлаш учун виза чиқади.
Шунингдек, ярмарка доирасида фуқаролар Нукус шаҳри, Нукус, Қонликўл ва Бўзатов туманлари камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари томонидан ҳам ўзларида мавжуд бўлган бўш иш ўринлари билан танишиб, бўлим ходимларидан тегишли маълумотлар олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги