Қонунни қўллашда ягона ёндашув – суд амалиётининг асосий вазифаси

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг республикамиздаги сектори, Мажбурий ижро бюроси ва Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаларидаги тегишли соҳа вакиллари билан Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди судьялари Г.Байназарова, К.Хожамуратов ва Ж.Аймаганбетовалар иштирокида ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Семинарда суд амалиётида қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2025 йил 24 ноябрдаги 23-сонли қарори билан бир қатор қарорларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти кенг ёритилди. Бу ўзгаришлар кредит ва гаров муносабатлари, ижро иш юритуви ва ер билан боғлиқ низоларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштиришга қаратилгани таъкидланди.
Судьялар томонидан кредитни муддатидан олдин ундириш шартлари, гаровдаги мол-мулкка ундирув қаратиш тартиби, ер ижараси муносабатларида юзага келаётган низоларни ҳал этишда ягона ёндашувни таъминлаш, шунингдек, прокурор иштирокининг мажбурий ҳолатлари бўйича аниқ тушунтиришлар берилди. Амалиётда учраётган муаммолар, суд амалиётидаги тафовутлар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган семинарда иштирокчилар томонидан саволлар берилиб, судьялардан қонун нормаларини тўғри қўллаш бўйича аниқ мисоллар асосида жавоблар олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги