Тахиатошлик Ларина Дарина кумуш медаль соҳиби

Жорий йилнинг 19-26 январь кунлари Тошкент шаҳрида шахматнинг стандарт йўналиши бўйича 6 ёшгача ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Ушбу чемпионатда қизлар ўртасида муносиб иштирок этган Тахиатош тумани 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси Ларина Дарина фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль ва Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритди.


Дарина опаси Зарина билан спортнинг шахмат турига қизиқади. Уларнинг шахмат ўйнашга бўлган қизиқишини сезган ота-онаси Тахиатошдаги шахмат тўгарагига олиб боради. У ерда улар тажрибали мураббий Абдиркерим Тўраевдан шахматнинг ўзига яраша сирларини ўрганиб келмоқда.
Унинг опаси Зарина айни пайтда Тахиатош туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабининг 2-синфида таълим олмоқда. У шахмат спорт тури бўйича бир қанча ютуқларни қўлга киритган. Опасининг шахматга бўлган қизиқишини кўриб оилада бирга шахмат ўйнаб, тўгаракка ҳам эргашиб борадиган Дарина ҳам ўзининг шахматдаги ютуқларини қўлга кирита бошлайди. У 6 ёшгача бўлган эркаклар ва қизлар ўртасида ўтказилган Қорақалпоғистон чемпионатида биринчиликни қўлга киритади. Бугун у Ўзбекистон чемпиони. Энди у Хитойда ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этади.
-Қизларимнинг иккови ҳам шахматга иштиёқи кучли. Зарина синглиси билан бўш вақтларида уйда шахмат ўйнарди. Шу сабабли у ҳам опаси каби шахматга қизиқиб кетди. Шахмат нафақат ақлий гимнастика, балки жисмоний куч талаб қиладиган спорт тури. Сабаби, мусобақаларда кунига 2 партиядан ўйнайдиган бўлса ҳар бири 2, 3 соатдан давом этади. Ақл билан ечиладиган бу спорт турида тик ўтириб ўйинни давом эттириши учун спортчи ҳар томонлама соғлом бўлиши керак. Шунинг учун ҳам биз уларнинг соғлиғига, овқатланиш режимига етарлича эътибор қаратаяпмиз. Мана, Дорина ҳам катта мусобақаларда қатнашяпти. Уларнинг иккисидан ҳам умидимиз катта, – дейди онаси Насиба Қобулова.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги