Кўп квартирали уй-жойларнинг техник ҳолати бўйича бир йилда 7 мингга яқин қоидабузарлик аниқланди

13

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан 2025 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди. Жумладан, республика миқёсида жами 26 минг 804 та қурилиш объектида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари давлат назоратига олинган.

Мазкур объектларда ҳудудий назорат инспекциялари ходимлари томонидан 370 минг 676 маротаба назорат ва мониторинг тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, 2025 йил давомида ҳудудий инспекциялар томонидан 24 минг 671 та кўп квартирали уй-жойнинг техник ҳолати ўрганилди.

Ўрганишлар натижасида 7 мингга яқин қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларнинг барчасини бартараф этиш юзасидан мажбурий ёзма кўрсатмалар берилди ва ижроси қатъий назоратга олинди. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларининг 4 мингга яқини ихтиёрий равишда бартараф этилди, 3 мингдан ортиқ ҳолат бўйича маъмурий жарималар қўлланилди.

Шу билан бирга, 2 мингга яқин ҳолат юзасидан суд органларига даъво аризалари киритилди. Бундан ташқари, 2025 йил давомида ичимлик ва оқова сув тармоқларига 5 минг 745 та ноқонуний уланиш ҳолати аниқланиб, барча ҳолатлар бўйича қонунчиликка мувофиқ маъмурий жарима чоралари кўрилди ҳамда уларни бартараф этиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

Ш.Маматуропова,

ЎзА