“Ҳудудгазтаъминот” ISO 14001 ва ISO 45001 бўйича халқаро сертификатларга эга бўлди
“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти экологик менежмент ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ISO 14001:2015 ва ISO 45001:2018 халқаро стандартлари бўйича мувофиқлик сертификатларини қўлга киритди. Бу жамият фаолиятида халқаро талаблар асосида бошқарув тизимлари жорий этилганини кўрсатади.
“MANAGEMENT CERTIFICATION” МЧЖ томонидан ўтказилган комплекс аудит натижаларига кўра, ташкилотнинг атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, экологик хавфларни бошқариш, шунингдек, барча даражаларда ходимлар учун хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича амалга ошираётган ишлари халқаро талабларга мувофиқ, деб топилди.
ISO 14001 ва ISO 45001 стандартлари асосида интеграциялашган бошқарув тизимининг жорий этилиши табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, экологик барқарорликни кучайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида меҳнат хавфсизлигини янада такомиллаштириш имконини беради.
Жамият масъулларининг таъкидлашича, ушбу халқаро сертификатлар самарадорликни ошириш, истеъмолчилар ва ҳамкорлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, шунингдек, газ таъминоти соҳасидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда қўшимча имкониятлар яратади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА