Ўзбекистон Европа илмий маконига қадам қўйди

18

Ўзбекистон тарихда илк бор Европа Иттифоқининг энг йирик ва энг рақобатбардош илмий-инновацион дастури — “Horizon Europe” иштирокчисига айланди. Мамлакатимиз илм-фани ва олий таълим тизими ривожида муҳим бурилиш нуқтаси сифатида эътироф этилаётган мазкур воқеа глобал илмий-технологик майдондаги ўрнимиз мустаҳкамланаётганини англатади.

Танловда ғолиб чиққан Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети, Геология фанлари университети ҳамда “Ўзбек технологик металлар комбинати” АЖ халқаро “TiBeRIUM” лойиҳаси таркибига кирди. Ушбу дастур Европа учун стратегик аҳамиятга эга титан ва бериллий ресурсларини чуқур ўрганиш, мазкур моддаларни экологик жиҳатдан самарали қайта ишлаш орқали барқарор таъминот занжирини шакллантиришга қаратилган.

Маълумки, ЕИ томонидан муҳим хом ашё сифатида баҳоланадиган титан ва бериллий авиация, энергетика, “яшил” технология ва рақамли саноатда кенг қўлланади, саноат барқарорлиги ва технология мустақиллигига бевосита таъсир кўрсатади. “TiBeRIUM” доирасида Ўзбекистон 8,5 миллион евро грант олади. Бу ЕИ дастури орқали ҳозиргача тақдим этилган энг йирик илмий молиявий манбадир.

Лойиҳада Германия, Буюк Британия, Норвегия, Испания, Бельгия, Финляндия, Польша, Греция, Кипр, Болгария, Қозоғистон ва Ўзбекистондан жами 25 ташкилот иштирок этмоқда.

Энг муҳими, бу танлов юртимиз оддий хом ашё етказиб берувчидан илмий тадқиқот, қайта ишлаш технологияси ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга асосланган моделга ўтаётганини кўрсатади. Зеро, кейинги йилларда республикамиз нафақат илм-фан, балки иқтисодиёт учун ҳам юқори даромад, технологик билим ва узоқ муддатли ривожланиш салоҳиятини намоён этмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА