Давлат хизматига илк бор қабул қилинган ходимлар билан дастлаб бир йилга шартнома тузилади
Мамлакатимизда ихчам, профессионал ва самарали давлат бошқаруви тизимини шакллантириш, давлат фуқаролик хизматининг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини мустаҳкамлаш, давлат хизматчилари ишини натижадорликка йўналтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат фуқаролик хизмати тизими замон талабларига мос равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Парламент қуйи палатасининг мажлисида мазкур масалаларга оид “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тузилмаси ҳамда давлат фуқаролик хизмати тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасида божхона, ички ишлар, прокуратура, Миллий гвардия ходимлари ва судьялар Администрация раҳбари фармойиши билан бошқа давлат органларига ёки уларнинг тасарруфидаги ташкилотларга бошқарув ходими лавозимларига ўтганда, қонун ҳужжатларига мувофиқ, уларни кадрлар захирасига киритилиши мумкинлиги ёки хизмат стажининг ҳисобга олиниши билан боғлиқ нормалар назарда тутиляпти.
Шунингдек, давлат хизматига илк бор қабул қилинган ходимлар билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилиши, “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ва малака ошириш курсларини ўташи ҳамда инсон ресурсларини бошқаришга оид маълумотлар ва ҳужжатлар фақатгина “hrm.argos.uz” платформасида шакллантирилиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари ва депутатлар таклифлари асосида такомиллаштирилгани таъкидланди ва депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА