Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди

28

Нукус шаҳрида Республика идоралараро мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов, Ички ишлар, Миллий гвардия, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Республика идоралараро мувофиқлаштириш штаби аъзолари, туман (шаҳар) ҳокимлари, ҳудудий прокурорлар ва ички ишлар органлари раҳбарлари, ҳудудий штаб ва ишчи гуруҳлар аъзолари, барча маҳаллалардаги маҳалла еттилиги иштирок этди.

Йиғилишда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга доир қарорлар ижроси ҳолати, ушбу соҳада амалга оширилган ишлар ҳамда масъул раҳбарларнинг криминоген вазиятни барқарорлаштиришда эришган натижалари муҳокама қилинди.

Мутасаддиларга ижтимоий профилактика ишларини самарали ташкил этиш, ёшларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, ижтимоий ҳаётий муаммоларини ўрганиш, оила-турмуш муносабатлари доирасида ва аёллар томонидан содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини аниқлаб, бартараф этишнинг самарали чораларини кўриш, аҳоли бандлигини таъминлашда кўзбўямачиликка йўл қўймаслик каби вазифалар белгилаб берилди.

Прокурорларга болалар масалалари бўйича махсус комиссия, Ички ишлар, оталиқ ва ҳомийлик органлари фаолияти, тиббиёт бирлашмаларида гиёҳвандлар ва спиртли ичимликка берилган шахсларни рўйхатга олиш, даволаш жараёнларини батафсил ўрганиш бўйича муддати белгиланган топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги