Ўзбекистон танлаган ташқи сиёсат йўли – ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган тинчлик стратегиясидир

Геосиёсий рақобат кескинлашаётган шароитда тинчликни сақлаш, низоларни сиёсий ва дипломатик йўллар орқали ҳал этиш масаласи жаҳон ҳамжамияти учун устувор вазифага айланди. “Тинчлик кенгаши” халқаро формати қуролли қарама-қаршиликларга барҳам бериш, можароларни ҳарбий эмас, балки сиёсий мулоқот ва дипломатик келишувлар асосида ҳал этишга қаратилган самарали платформа сифатида шакллантирилмоқда.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:
– Эътиборли жиҳати шундаки, Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”га таъсисчи давлат сифатида таклиф этилди. Давлатимиз раҳбари Давос шаҳрида ушбу кенгаш низомини имзолаш маросимида иштирок этгани, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказгани мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ва сиёсий салмоғи янада ортганини яққол намоён этди.
Бу қадам Ўзбекистоннинг глобал тинчлик ва барқарорлик масалаларида фаол ва масъулиятли иштирокчи сифатидаги ўрни мустаҳкамланаётганидан далолат берди.
“Тинчлик кенгаши” фаолиятининг асосий мақсади – қуролли можароларни босқичма-босқич бартараф этиш, давлатлар ўртасида ишончга асосланган дипломатик мулоқот майдонини яратиш, гуманитар ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш ҳамда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, кенгаш фаолияти халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ резолюцияларига таянган ҳолда, амалий ва таъсирчан қарорлар қабул қилишга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Ўзбекистоннинг мазкур тузилмада таъсисчи давлат сифатида иштирок этиши мамлакат ташқи сиёсатининг сўнгги йилларда шаклланган кўп томонлама, очиқ ва прагматик йўли билан узвий боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистон ташқи сиёсати “уруш эмас – мулоқот”, “мажбурлаш эмас – келишув” тамойилларига асосланиб, минтақавий ва глобал барқарорликка ҳисса қўшишни устувор вазифа сифатида белгилаб олди.
Мамлакатимиз халқаро низоларга нисбатан адолатли ва мувозанатли позицияни эгаллаб, зиддиятларни тинч йўллар билан ҳал қилиш тарафдори эканлиги билан ажралиб туради.
Айниқса, Афғонистон масаласидаги конструктив ёндашув, Марказий Осиёда ишонч муҳитини шакллантиришга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистонни халқаро майдонда ишончли ва конструктив ҳамкор сифатида намоён этди.
“Тинчлик кенгаши” доирасида ҳам мамлакатимиз айнан шу бой тажриба ва ёндашувлар билан фаол иштирок этиши мумкин.
Муҳими шундаки, Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокларга қўшилмасдан, ўз мустақил ва мувозанатли позициясини сақлаб қолган ҳолда, глобал тинчликка дахлдор масалаларда фаол ташаббускор бўлиб чиқмоқда. Бу эса, мамлакат ташқи сиёсатидаги прагматизм, очиқлик ва миллий манфаатлар уйғунлигининг яққол намунасидир.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистоннинг “Тинчлик кенгаши” фаолиятида таъсисчи давлат сифатида иштирок этиши мамлакатнинг тинчликпарвар ташқи сиёсати янги, сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтарилганини англатади.
Бу ташаббус орқали Ўзбекистон халқаро низоларни ҳал этишда фақат кузатувчи эмас, балки конструктив таклиф ва ечимлар билан чиқувчи фаол иштирокчи сифатида намоён бўлмоқда.
Мазкур қадам мамлакатнинг халқаро майдондаги ишончини мустаҳкамлаб, уни барқарорлик, мулоқот ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорликни илгари суриб келаётган давлат сифатида янада мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг сиёсий таъсир доираси, дипломатик имкониятлари ҳамда глобал жараёнлардаги роли кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Энг муҳими, “Тинчлик кенгаши”даги иштирок қисқа муддатли сиёсий фойдага эмас, балки узоқ истиқболда минтақавий ва глобал тинчликни таъминлаш орқали миллий манфаатларни мустаҳкамлашга қаратилган онгли ва масъулиятли танловдир. Бу ёндашув мамлакатимиз келажагини барқарорлик, тараққиёт ва хавфсизлик билан боғлашга хизмат қилади.
Шу маънода, Ўзбекистон танлаган ташқи сиёсат йўли – очиқ мулоқот, ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган тинчлик стратегиясидир. Бу мамлакатимизнинг стратегик манфаатларига тўла мос келади ҳамда узоқ муддатли тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Норгул Абдураимова, ЎзА