Қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар, режалар, амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар муҳокома қилинди

Мамлакатимизда қурилиш соҳасини ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда шаҳарсозлик нормалари такомиллаштирилиб, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов қурилиш соҳасида йўл қўйилаётган камчиликлар, режаларнинг бажарилишидаги сусткашлик ва муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда қурилиш соҳаси мутасаддилари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Унда қурилиш объектларида олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинар экан, қатор лойиҳаларда белгиланган муддатларга амал қилинмаётгани, сифат талаблари етарли даражада таъминланмаётгани кескин танқид қилинди. Жумладан, айрим мутасаддилар томонидан назоратнинг суст йўлга қўйилгани, муаммоларга юзаки, хўжакўрсинга ёндашилаётгани қайд этилди.
Йиғилиш давомида мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилиб, аниқланган камчиликлар бўйича аниқ муддатлар ва масъуллар белгиланиб, қурилишда иш сифатини ошириш, назорат механизмларини кучайтириш, ижро интизомини таъминлаш бўйича қатъий топшириқлар берилиб, вазифалар ижросига совуққонлик билан қараган мансабдор шахсларга тегишли чоралар кўрилиши эслатилди.

Йиғилиш якунида қурилиш соҳасида тартиб-интизомни кучайтириш, ҳар бир объект бўйича шахсий жавобгарликни белгилаш, аҳолига қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратиш устувор вазифа экани яна бир бор қатъий таъкидланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги