Уруғ сифатли бўлса, ҳосил шунга яраша яхши бўлади
Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги билан ҳамкорликда уруғчилик тизимини янада такомиллаштириш, юқори сифатли уруғлик чигит тайёрлаш жараёнларини, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида Хўжайли туманида жойлашган «Файз агро кластер» МЧЖга қарашли пахта тозалаш заводига пресс-тур ташкил этди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, соҳа мутахассислари ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирок этиб, улар уруғлик чигитларни қайта ишлашнинг замонавий технологик жараёнлари билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида иштирокчиларга уруғлик чигитни дастлабки қабул қилиш, механик ва биологик ифлосликлардан тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва экишга тайёр ҳолатга келтиришнинг барча босқичлари батафсил тушунтирилди.
Шунингдек, пресс-турда уруғлик чигит сифатини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган фитосанитар назорат масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги мутахассислари томонидан уруғлик маҳсулотларини зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтлар уруғларисиз тайёрлаш, лаборатория текширувларини ўтказиш, амалдаги миллий ва халқаро фитосанитария талабларига риоя қилиш бўйича батафсил маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, тайёр уруғлик чигитни сақлаш, ташиш ва ундан самарали фойдаланиш тартиблари, уруғчиликда сифат кўрсаткичларини ошириш орқали фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, замонавий технологиялар асосида қайта ишланган, сифатли ва сертификатланган уруғлик чигит қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида юқори иқтисодий самарадорликни таъминлайди. Бундай чора-тадбирлар келгусида юқори ҳосилдорликка эришиш, касалликларнинг олдини олиш ва экин майдонларининг фитосанитар ҳолатини барқарор сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Республикамизда 2026 йил ҳосили учун 6243 тонна уруғлик пахта йиғилган. Шундан олинадиган уруғлик чигитнинг миқдори 3309 тоннани ташкил этади. Ҳозирги вақтда тозалаш, туксизлантириш ва дорилаш ишлари олиб борилмоқда.
Бугунги кунда барча пахта-тўқимачилик кластер корхоналари ва бошқа субъектлар томонидан маҳаллий ғўза навидан йиғилган уруғлар фақат замонавий танлаш, дорилаш ва қадоқлаш ускуналари (лазерли фотосепаратор) билан жиҳозланган уруғ тайёрлов корхоналарида қайта ишланмоқда.

2026 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш мақсадида республикамиз фермер хўжаликлари ўртасида «E-urug‘» тизимида тендер танлови ўтказилиб, 9600 гектар майдонга уруғлик пахта экиш кўзда тутилмоқда.
Пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги