Олимпиада чемпиони спортчи ёшларга тажриба дарсларини ўтказди

26

Спортнинг Оғир атлетика тури бўйича Рио-2016 Олимпия чемпиони Руслан Нуриддинов республикамизда бўлди. Таниқли оғир атлетчи мураббий ва спортчилар билан учрашиб, ўзининг спорт соҳасига қачон кириб келганлиги ҳамда ютуқлари бўйича суҳбатлар ўтказди.

Шундан сўнг у ўз тажрибалари билан бўлишиш мақсадида Нукус шаҳри, Тахиатош ва Шуманай тумани спортчилари билан учрашиб, маҳорат дарсини ўтказди. Ўтказилган тадбирларда халқаро тоифадаги спорт устаси, 5 карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё чемпиони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган спортчи Рустам Жанабаев ҳам иштирок этди.

Ушбу учрашувларнинг асосий мақсади ёшлар ўртасида спортга бўлган қизиқишни янада ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва мамлакатимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қиладиган бўлажак чемпионларни тарбиялашдан иборат.

Учрашув давомида чемпион спортчилар ҳаётий тажрибалари, машаққатли меҳнати орқали эришган ютуқларини ёшлар билан бўлишди. Бу эса ёшларга катта мотиватсия манбаи бўлиб хизмат қилади.

– Бундай имкониятлар яратилган тумандан бир нечта Олимпия чемпиони чиқиши шарт,- деди Олимпия чемпиони Тахиатош туманида янги қурилган оғир атлетика залида бўлиб ўтган мастер-класс пайтида яратилган имкониятлар билан танишиб.

Спортчи ёшлар чемпионга ўзларини қизиқтирган саволларини бериб, тегишли жавоблар олди. Шунингдек, оғир атлетика спорт турининг ўзига хос бўлган машғулот усулларини чемпионнинг бажарилишида гувоҳ бўлиб, ўзларига намуна олишди. Бу учрашув республикамиздан келгусида дунёга машҳур чемпионларнинг етишиб чиқишига асос бўлиши аниқ.

Маълумот учун; Р.Нуриддинов халқаро тоифадиги спорт устаси, 10 карра Ўзбекистон чемпиони, 5 карра Осиё чемпиони, 3 карра жаҳон чемпиони, 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби ва рекордчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи.


У -105 кг ва кейинчалик -109 кг вазн тоифаларида Жаҳон миқёсидаги энг кучли атлетлардан бири сифатида танилган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги