Ипотека миқдори оширилади, электромобиллар учун имтиёзли кредитлар жорий этилади
Ўзбекистонда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва замонавий транспорт воситаларини сотиб олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда жорий йил учун белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида ипотека ва автокредитлар тизимини такомиллаштиришга қаратилган фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ушбу ҳужжат аҳоли учун ипотека кредитлари миқдорини ошириш, электромобиллар харидини рағбатлантириш ҳамда кредит юкини камайтиришга қаратилган аниқ механизмларни ўз ичига олади.
Фармон лойиҳаси 2026 йилда ипотека ва автокредит тизимини такомиллаштириш, шу жумладан ишлаб чиқилган электромобиллар ва уй-жойга кредит беришни янада рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли чоралардан иборат. Лойиҳа мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.
Президент ташаббуси билан ипотека кредитларининг миқдори сезиларли даражада оширилмоқда. Тошкент шаҳрида битта квартира учун ажратиладиган ипотека кредити миқдори 480 миллион сўмгача етади. Ҳудудларда эса шу миқдор 380 миллион сўмгача белгиланади.
2026 йилда жами 23 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бу давлат бюджети, тижорат банклари ва махсус молиялаштириш компаниялари ҳисобига амалга оширилади.
Ипотека кредитлари билан боғлиқ субсидиялар ҳам оширилади. Фоиз тўловларининг бир қисми ва дастлабки тўлов қисми давлат томонидан қопланиши белгиланган. Бу фуқаролар учун уй сотиб олишни янада қулай қилади.
Лойиҳа доирасида экологик тоза транспортни рағбатлантириш мақсадида қуйидаги янгиланган механизмлар жорий этилади. Электромобиль хариди учун 12 фоиз ва 16 фоизли кредитлар берилади. Маҳаллий электр автомобиллар учун 12 фоиз, импорт қилинган электромобиллар учун эса 16 фоизли кредитлар берилади.
Бу кредитлар бўйича банклардан олинган фоизнинг юқори қисми давлат томонидан субсидия қилинади, яъни фуқароларга қарзни тўлаш енгиллаштирилади.
Электромобилларни қувватлаш станциялари қуриш учун тадбиркорларга 10 фоизли мақсадли кредитлар ажратилади. Бу станцияларни ташкил этиш, энергия тизимига улаш ва хизмат кўрсатиш учун қўшимча субсидиялар ва имтиёзлар белгиланади.
Бундан ташқари, электромобиллар бозорини ривожлантириш стратегияси доирасида мамлакатда юқори экологик стандартларга асосланган инфратузилма барпо этиш режалаштирилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА