Аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ишлар муҳокама қилинди

11

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев халқнинг фаровон турмушини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида Бўзатов туманига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Еркиндарё овул фуқаролар йиғинида интенсив боғ барпо этиш лойиҳаси ва Қусханатоў қишлоғида жойлашган ўрмон хўжалиги кўчатхонасини кўздан кечирди. Шундан сўнг Бўзатов санаторийсида аҳолини соғломлаштириш бўйича аҳолига кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишиб, янги санаторийнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Шунингдек, туманда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида Бўзатов посёлкасидаги «Бўзатов текстиль» корхонаси томонидан тикувчилик ва трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш, «Кенжебек Даулетяр» МЧЖ томонидан хизмат кўрсатиш ва умумий овқатланиш марказини ташкил этиш, бундан ташқари, тадбиркорлар учун зарур инфратузилма яратиш орқали савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ишга тушириш лойиҳалари ўрганилди. Тадбиркорларнинг бу ишларини ривожлантириши учун уларга яқиндан кўмак бериш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, «Бердақ гузари» кўчаси бўйида янги қурилаётган кўп қаватли уйнинг қурилиш жараёни ҳам кўздан кечирилиб, ишларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш бўйича вазифалар топширилди.

Шу билан бир қаторда, Еркиндарё овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги мактабгача таълим ташкилотининг иситиш тизими ишлари ҳам республикамиз раҳбарининг эътиборидан четда қолмади.

Шундан сўнг, туман ҳудудидаги маҳалла ва овулларда аҳолининг кундалик турмуши билан боғлиқ муаммоларни тинглаш мақсадида, ҳудуд нуронийлари ва кўча оқсоқоллари билан фикрлашди.

Сўнгра туман ҳокимлигининг мажлислар залида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Бўзатов туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унга туман раҳбарлари, депутатлар ва ҳудуддаги муассаса-ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишда республикамиз раҳбари томонидан ҳудуднинг турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги берилган топшириқлар ижросининг бориши танқидий кўриб чиқилди.

Хусусан, ҳудудда мавжуд бўлган масалаларни ҳал этиш бўйича туманда барча имкониятлар мавжудлиги, ҳурматли Президентимизнинг махсус Фармон ва қарорлари асосида, уларга зарур имкониятлар яратиб берилганига қарамасдан, айрим жойларда қолоқликларга йўл қўйилаётганлиги қаттиқ танқид қилинди.

Жумладан, аҳолининг бевосита кайфиятига таъсир этувчи муаммоларни ҳал этиш борасидаги ички йўлларни таъмирлаш, шароити оғир аҳоли пунктларини ободонлаштириш, қурилиш соҳаси, камбағаллик реестрига киритилган оилалар билан ҳамкорлик қилиш каби қатор масалаларда камчиликларга йўл қўйилмоқда. Мажлисда шу каби муаммо, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб берилди.

Ўтказилган йиғилиш давомида тезкор бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, мутасадди раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди. Шу билан бирга, ўз хизмат вазифасини бажаришда камчиликларга йўл қўйгани учун 5 нафар мансабдор шахснинг лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш топширилди ва 6 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги