Ўзбекистон – Покистон: минтақавий барқарорлик ва интеграция сари стратегик ҳамкорлик
Географик жойлашуви, иқтисодий ва маданий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Покистон бугун Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги муҳим боғловчи бўғин сифатида намоён бўлмоқда. Минтақавий хавфсизлик ва логистика архитектураси ўзгариб бораётган бир шароитда, бу ҳамкорлик нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилмоқда.
Бугун пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Ўзбекистон – Покистон: минтақалар ўртасида кўприклар барпо этиш орқали ҳамкорликнинг янги имкониятларини яратиш” мавзусида муҳим давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига бўлажак давлат ташрифи арафасида ташкил этилиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мазмунан бойитишга қаратилган экспертлик мулоқоти учун муҳим майдон вазифасини бажарди, дейиш мумкин.
Покистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда тегишли вазирликлар, ишбилармон доиралар, таҳлилий марказлар ва илмий ҳамжамият вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда икки дўст ўлка муносабатлари мутлақо янги босқичга кўтарилди. Хусусан, 2021 йилда стратегик шерикликнинг расмийлаштирилиши икки томонлама алоқаларнинг сифат жиҳатидан янги даражага чиққанидан далолат беради. Бугун бу ҳамкорлик фаол сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши, инвестициялар оқимининг ортиши ҳамда маданий-гуманитар алмашинувнинг фаоллашуви билан ажралиб турмоқда.
Айниқса, 2025 йил февраль ойида Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг диёримизга расмий ташрифи ушбу жараёнга кучли суръат бағишлади. Ташриф доирасида савдо, транспорт, фан ва таълим, маданият ҳамда хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш бўйича аниқ мақсадларни белгилаб олдилар.
Бу борада Преференциал савдо битими доирасида товарлар рўйхатини кенгайтириш, божхона ва фитосанитария тартиб-таомилларини соддалаштириш, электрон савдо платформаларини интеграциялаш ҳамда банклараро ҳисоб-китоб механизмларини такомиллаштириш каби чоралар муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажмининг 400 миллион АҚШ долларига етгани Покистоннинг Ўзбекистон учун муҳим ташқи савдо ҳамкорига айланаётганини кўрсатади.
Иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида Карачида “UzbekPak International Trading Centre” савдо уйи ва “UzbekPak Cultural Centre” маданият марказининг очилиши муҳим институционал қадам бўлди. Ушбу майдонлар нафақат саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини илгари суриш, балки халқлар ўртасидаги маданий яқинликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон – Покистон алоқаларининг яна бир устувор йўналишидир. “Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон” трансафғон темир йўли лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи стратегик транспорт йўлаги сифатида катта салоҳиятга эга. Шунингдек, Тошкент ва Карачи ўртасида авиаюк ташувларини ривожлантириш, жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича эришилган келишувлар ҳам амалий аҳамият касб этмоқда.
Бугунги йиғинда ана шу долзарб масалалар муҳокама қилиниб, стратегик шерикликнинг янги сифат босқичига оид ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда савдо, транспорт, таълим, фан, маданият ва туризм соҳаларида аниқ ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имконият яратди. Анжуман доирасида Ўзбекистон ва Покистоннинг таҳлилий, илмий ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, давра суҳбати доирасида олий даражадаги мулоқот кун тартибига киритиш учун амалий тавсиялар ишлаб чиқилиб, Покистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ташаббуслар илгари сурилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик бугун ишонч, прагматизм ва умумий манфаатларга асосланган мустаҳкам кўприкка айланмоқда. Тошкентдаги ушбу давра суҳбати эса ана шу кўприкни янада кенг ва мустаҳкам қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ўткир Алимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА