Мурожаатта «Инсон қадри» тамойили

Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотларга доимий равишда катта эътибор қаратиб келинади. Мамлакатимиз раҳбарининг ҳар бир мурожаатида мамлакатимиз ҳаётининг ҳар бир жабҳасини янада ривожлантиришга оид йирик ташаббуслар илгари сурилиши ҳамда келгуси йиллардаги энг муҳим вазифалар юзасидан режалар тақдим этилган.
Давлатимиз раҳбари ўтган тўққиз йил давомида қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасида катта йўл босиб ўтилганини ва 2026 йил барча соҳалар қатори суд тизимида ҳам туб бурилиш йили бўлишини қайд этди.
Президентнинг ушбу Мурожаатномаси 2026 йилга мўлжалланган давлат дастури учун асос бўлиб хизмат қилади ва унда судларнинг мустақиллигини янада кучайтириш бўйича аниқ механизмлар белгиланиши кутилмоқда.
Мурожаатномада белгиланган суд-ҳуқуқ тизимидаги асосий йўналишлар этиб «Бир суд – бир инстанция» тамойили белгиланган. Бу тамойил жорий этилиши натижасида битта судда иш бир неча инстанцияда кўрилишига чек қўйилди, бу эса суд қарорларининг адолатлилиги ва сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Судьяларнинг маъмурий, иқтисодий, жиноий ва оилавий ишлар бўйича ихтисослашуви янада чуқурлаштирилмоқда. Бу муайян тоифадаги ишларни кўриш сифатини оширишга қаратилган.
Суд тизимига замонавий рақамли технологиялар, жумладан, сунъий интеллект асосида ишларни адолатли тақсимлаш ва суд ҳужжатларини автоматлаштириш тизимлари кенг жорий этилмоқда.
Давлатимиз раҳбари одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишга киришилганини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан, суд соҳасига рақамли технологиялар кенг жорий этилаётгани фуқаролар ва тадбиркорларга жуда катта қулайликлар яратди. Судга онлайн мурожаат, судда онлайн иштирок этиш, онлайн хабарнома олиш, онлайн маслаҳатдан баҳраманд бўлиш каби қулай усуллар одамларнинг маблағи, вақтини тежашга ёрдам бермоқда.
Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кучайтирилиши мурожаатномада қайд этилди. Бунда, жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади.
Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. Тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади. Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли оширилади.
Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ишига аралашувнинг олдини олиш мақсадида Судьялар олий кенгаши каби конституциявий органлар тузилди. Суд мажлисларининг ошкоралиги ва суд қарорларининг эълон қилиниши таъминланмоқда.
Давлатимиз раҳбари прокуратура органлари фаолиятига ҳам тухталиб, прокуратура органларининг жазолаш органидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга ёрдам берадиган тузилмага айланишига эътибор қаратилган.
Барча ислоҳотларнинг марказида «Инсон қадри» тамойили туриб, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Суд қарорларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Президентимиз Ўзбекистонда фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ишончли ҳимоя қиладиган давлат, Конституция ва қонунлар борлигини алоҳида таъкидлади.
Жиноий гуруҳларга қарши курашишда ўзини қонундан устун қўядиган, тадбиркорларга босим ўтказадиган жиноий тўдалар ва «кўча» элементлари фаолиятига суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қатъий чек қўйилиши, бунинг учун давлатнинг куч-қудрати етарли экани билдирилди.
Мурожатдаги оилавий зўравонликка қарши чораларга келсак, суд ва ҳуқуқ тизими олдига аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича қатъий назорат ўрнатиш ва бундай жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш вазифаси қўйилди.
Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва ҳақиқий адолат қарор топган жамият қуриш, фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Буларнинг барчаси одил судловга эришишга, жамиятда адолат қарор топишига, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланишига хизмат қилади.
Гульмира АРЗИЕВА,
Нукус тумарлараро Иқтисодий
ишлар бўйича судининг судьяси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги