Анъанавий тиббиётнинг аҳамияти глобал миқёсда ортмоқда

Малинали чой, хантал пластери йўтални қолдириши, дамлаб ичилган ўтнинг шифобахш кучи кўпчилигимизга болаликдан маълум.
Зеро, бувиларимиз ҳар доим шифокорга мурожаат қилавермаган, аксинчи набираларини халқ табобати усулларидан самарали фойдаланиб даволаганлар. Ҳозир замонавий тиббиёт ривожланган, турли аппаратлар инсоннинг қаери оғриётганини дарҳол аниқлаб беради. Шунга қарамай, анъанавай даволашдан ҳам бутунлай кечилмаганини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳам эътироф этмоқда. Яқиндан тузилма масъуллари бу борадаги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган билимларни қайта кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурди. Бунга асос етарли, чунки ЖССТга аъзо давлатларнинг қарийб 90 фоизида аҳолининг салмоқли қисми анъанавий тиббиётдан фойдаланаркан.
Яқинда Янги Деҳлида Анъанавий тиббиёт бўйича ЖССТ иккинчи глобал саммити бўлиб ўтди. Ҳиндистон ҳукумати билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда 100 дан ортиқ мамлакатдан вазирлар, олимлар, маҳаллий етакчилар ва амалиётчилар иштирок этди. Форумда ЖССТнинг 2025-2034 йиллар учун анъанавий тиббиёт бўйича глобал стратегиясини амалга оширишни тезлаштиришга қаратилган йирик илмий ташаббуслар тақдим қилиниб, янги мажбуриятлар эълон қилинди. Мазкур ҳужжат далиллар базасини мустаҳкамлаш, тартибга солишни такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш тизимига интеграциялашиш ва жамоаларни ҳамкорликка жалб қилишни назарда тутади.
Анъанавий тиббиёт замонавий биологик тиббиёт пайдо бўлишидан анча олдин қўлланилган ва бугунги кунда ҳам ривожланмоқда. Кўпчилик учун ягона тиббий ёрдам усулига айланган бу тизим маҳаллий даражада мавжуд, арзон ва таниш. Қолаверса, кўпчилик замонавий тиббиётга мурожаат қилиш имкони бўлса-да, соғлиғини сақлашда кўпроқ “табиий” ёндашувни афзал кўради.
– Дарҳақиқат, инсоният минг йилликлар давомида орттирилган тажрибани замонавий фан ва технология имконияти билан бирлаштириш вақти аллақачон келган, – дейди ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.
Унинг таъкидлашича, “Сунъий интеллектдан геномикагача бўлган инновациядан фойдаланиш билан бирга масъулиятли, ахлоқий ва адолатли ёндашув анъанавий тиббиёт салоҳиятини очиб беради, ҳар бир жамият, ҳатто сайёрамиз учун хавфсиз, ақлли ҳамда барқарор соғлиқни сақлаш ечимини тақдим этади”.
Соғлиқни сақлаш тизимида тобора ортаётган муаммолар шароитида дунё аҳолисининг қарийб ярми ёки 4,6 миллиард киши зарур тиббий хизматдан фойдаланиш имконига эга эмас, чорак қисми, яъни 2 миллиарддан ортиғи молиявий қийинчиликка дуч келмоқда.
Анъанавий тиббиётни соғлиқни сақлаш тизимига интеграция қилиш арзон, одамларга йўналтирилган хизматдан фойдаланиш имконияти, универсал соғлиқни сақлаш қамровини кенгайтириш учун жуда муҳим. Бунда ҳар бир киши молиявий қийинчиликсиз керакли ёрдам олиши мумкин.
Далиллар кўрсатадики, айни ёндашув пулни тежайди, профилактика ва соғлиқни сақлашни мустаҳкамлашга қаратилган аксил биотикдан оқилона фойдаланиш борасида ижобий натижа бериши мумкин.
Самарали интеграция мустаҳкам илмий асос, глобал сифат ва хавфсизлик стандарти ҳамда кучли тартибга солиш тизимини тақозо қилади.
– Биотиббиёт ва анъанавий тиббиётни баҳолаш, тасдиқлаш жараёнида ҳам худди шундай илмий қатъийлик қўлланиши керак, – дейди ЖССТ бош олими Силви Брианд. – Шу билан бирга биологик хилма-хиллик, маданий сезгирлик ва ахлоқий тамойил ҳурмат қилиниши лозим. Яқин ҳамкорлик, илғор технология – масалан сунъий интеллект, геномика, тизим биологияси, неврология ва илғор маълумотлар таҳлили анъанавий тиббиётни ўрганиш, мазкур йўналишдан фойдаланиш усулини ўзгартириш имконига эга.
Анъанавий тиббиёт доривор ўсимликлар етиштиришни ўз ичига олган тез ривожланаётган глобал саноат тармоғини қўллаб-қувватлайди. Барча анъанавий дори ва биотиббиёт воситаларининг ярмидан кўпи янги дорилар яратиш учун муҳим манба бўлиб қолмоқда. Бу табиий ресурслар билан боғлиқ жиҳат.
Маҳаллий халқлар дунё биологик хилма-хиллигининг тахминан 40 фоизини сақлаб қолади, Афсуски, бу қатлам сайёрамиз аҳолисининг атиги 6 фоизини ташкил қилади. Анъанавий тиббиёт ривожи маҳаллий халқлар ҳуқуқи, адолатли савдо тамойили ва фойда алмашинуви бидан боғлиқ.
Гувоҳи бўлаётганимиздек, Ер куррасида ҳамон анъанавий тиббиётдан кенг қўлланилмоқда. Демак, сайёрамиз аҳолиси саломатлигини асраш, фаровонлигини таъминлаш учун табиий ресурсларни сақлаш жуда муҳим. Шунга қарамай, айни пайт ушбу соҳага глобал соғлиқни сақлаш тадқиқотларини молиялаштиришда атиги бир фоиз маблағ ажратилмоқда. Мазкур бўшлиқни тўлдириш учун ЖССТ Глобал анъанавий тиббиёт кутубхонасини ишга туширмоқда. Бу лойиҳа доирасида анъанавий даволаш усуллари қўлланиши бўйича тадқиқот, сиёсат, тартибга солиш ва турли мавзуларга оид тўпламлар қамраб олинадиган 1,6 миллиондан зиёд нашр мавжуд.
Хуллас, далилларга асосланган зарурат сифатида анъанавий тиббиётни ривожлантириш ҳукуматлар даражасида қўллаб-қувватланиш шарт.
С.Раҳимов, ЎзА