Оқова сув тизими янгиланмоқда

8

2023-2027 йилларда Жаҳон банки иштирокида 78 миллион долларлик «Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманлари марказларида оқова сув тизимини реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида 286 километр канализация тармоқлари объектларида қурилиш ишларини олиб бориш кўзда тутилган.

Яқинда ушбу лойиҳа доирасида Нукус шаҳрининг канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига старт берилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни халқимиз ҳаётида муҳим ўрин тутадиган воқеалардан бири бўлган янги лойиҳанинг бошланиши муносабати билан табриклади.

Таъкидланганидек, ўтган йилнинг ўзида 87 миллиард сўм маблағ эвазига Нукус шаҳридаги сув тозалаш иншоотида реконструкция ишлари амалга оширилиб, пойтахтимиз аҳолисини тоза ичимлик суви билан қамраб олиш даражаси 81 фоиздан қарийб 100 фоизга етказилган эди. Қолаверса, Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот ва Нукус туманларида ҳозирги вақтда Осиё тараққиёт банкининг 145 миллион долларлик маблағлари ҳисобидан ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳалари олиб борилмоқда. Шундай эзгу тадбирларнинг давоми сифатида Жаҳон банкининг лойиҳаси бўйича 78 миллион доллар маблағни ўзлаштириш орқали Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида канализация тармоқлари ва объектларида йирик қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Маълумотларга кўра, Нукус шаҳри аҳолисининг канализация хизмати билан таъминланиш даражаси 27,6 фоизни ташкил этади. Оқова сув хизматини кўрсатиш учун бугунги кунда қуввати 65 минг куб метр бўлган оқова сув тозалаш иншооти, 23 канализация насос станциялари (КНС), кўтариб бериш насос станцияси (СП) ва умумий узунлиги 151,8 километрли оқова ва босимли сув тармоқлари фаолият кўрсатмоқда.

Лекин, бу канализация тармоқлари ишга туширилганига ярим асрдан ошган. Ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилган тармоқ ва станциялар ўз хизмат муддатини ўтаб, бугунги кунда авария ҳолатида фаолият юритмоқда. Хусусан, мавжуд 151,8 километр оқова сув тармоқларининг 56,9 километри ёки 37,4 фоизи, 23 та канализация насос станциясининг 17 таси, яъни 73,9 фоизи таъмирга муҳтож.

Нукус шаҳридаги А.Досназаров кўчаси бўйлаб, Т.Шербеков кўчасидан СП-1А объектигача бўлган ҳудудда Д=1000 миллиметр бўлган 820 п/м темир-бетон ўзи оқар оқова сув тармоқлари ўтган асрнинг 66-йилида фойдаланишга қабул қилинган бўлиб, бугунги кунда тармоқ қониқарли ҳолатда. Ушбу оқова сув тармоқлари А.Досназаров кўчасида асфальт қопламаси остида 2-4 метр чуқурликда жойлашган.

Нукус шаҳри канализациясини янгилаш мақсадида бошланаётган лойиҳа доирасида 193,5 км канализация тармоқлари ва 25 насос станциясининг қурилиш ишлари бошланмоқда. Қурилиш ишлари 2 йил давомида тўлиқ бажарилиб фойдаланишга топширилиши белгиланган. Лойиҳанинг тўлиқ якунланиши натижасида Нукус шаҳри аҳолисининг оқова сув хизмати билан қамраб олиш даражаси ҳозирги 27,6 фоиздан 46 фоизга етказилиши кўзда тутилган.

Оқова сув тармоқлари ва иншоотларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ, Жаҳон банки билан шартнома тузилиб, бугунги кунда лойиҳани амалга ошириш бўйича Германиянинг «CES Consulting GmbH» ва Австриянинг «Posch & Партнер GmbH» компаниялари консултант этиб тайинланди. Ҳозирда 2,54 миллион долларлик 7 та шартнома тузилиб, 5 та қурилиш пакети доирасида лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди ва халқаро тендер савдоларига қўйилди. Тендер савдоларида ғолиб бўлган бир қанча пудратчи ташкилотлар билан ҳозирда шартномалар тузилмоқда.

– Ушбу тизимда 40 йил ишлаган бўлсам, шундан 38 йилида Нукус шаҳрида Канализация бўлими бошлиғи сифатида фаолият юритдим, – дейди нуроний Алламберген Яппарбергенов. – Бизлар ишлаган пайтларда СП 1, СП 2 ва СП 10 жами 3 та кўтариб бериш насос станцияси, 21 та иншоот бор эди. Босимли канализация тармоқларининг узунлиги 132 километр, оқова канализация тармоқлари 136 метр эди. Бугун йирик кўламли лойиҳанинг старт берилишига гувоҳ бўлаётганимдан хурсандман. Соҳада жорий этилган янги техникаларни, яратилган шароитларни кўриб, яна ишлашга ғайратимиз ошди.

– Халқаро тендер савдоларида корхонамиз ғолиб бўлиб, Нукус шаҳридаги 30 километрлик оқова сув тармоғини реконструкция қилиш ва янгидан қуриш ишларини амалга ошириш учун шартнома тузилди, – дейди «MJN House» пудратчи хусусий фирмаси бош муҳандиси Максим Крамаренко. – Шартнома бўйича 4 та канализация насос станцияси қурилиши, коллектор тармоғи, турар жойларни ва маҳаллалараро оқова коллекторларини улаш ишлари амалга оширилмоқда.

Яқин кунларда Хўжайли ва Тахиатош туманларида ҳам ушбу қарор доирасида канализация тармоқларини янгилаш ишлари бошланади.

М.Пирназарова,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси