“Ўзбекистон – 2030” стратегияси юзасидан тарғибот тадбири ўтказилди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот-ташвиқот тадбири ташкил этилди.
Мазкур тадбирнинг асосий мақсади мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижроси, ўтган давр мобайнида эришилган аниқ натижалар, самарадорлик кўрсаткичлари, шунингдек, уни такомиллаштириш зарурати ва келгуси беш йиллик тараққиётнинг устувор йўналишлари юзасидан олий таълим муассасалари жамоалари ўртасида кенг тушунтириш ва очиқ муҳокамалар олиб боришдан иборат бўлди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Алмагул Байрыева, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талаба ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Учрашув давомида Президент Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар ҳамда унинг асосида такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мақсад ва вазифалари кенг тушунтирилди. Қайд этилганидек, ушбу стратегия мамлакатнинг ўрта муддатли тараққиёт йўлини белгилаб бериб, иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантиришга қаратилган муҳим вазифаларни ўз ичига олади.
Шунингдек, тадбир давомида стратегия доирасидаги таълим сифатини ошириш, илм-фанни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, давлат хизматларини проактив ва композит шаклда кўрсатиш орқали бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда фуқаролар учун қулайликларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– «Такомиллаштирилаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсади “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалий мазмун билан бойитган ҳолда, мамлакатнинг ўрта муддатли ривожланиш йўлини янада самарали, натижага йўналтирилган ва ҳисобдор тизим асосида давом эттиришдан иборат», – дея таъкидлади депутат А.Байрыева.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини такомиллаштириш, уни аҳоли манфаатларига янада яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.


Қорақалпоғистон ахборот агентлиги