“Маҳалланинг ишбилармон аёли” аниқланди

6

Хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ташаббусларини рағбатлантириш ва жамиятдаги иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида ЎзЛиДеП томонидан “Маҳалланинг ишбилармон аёли” лойиҳаси доирасидаги танловининг жорий йилги мавсумига расман старт берилди.

Жумладан, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Аёллар қаноти ва Нукус шаҳар Кенгаши ҳамкорлигида Нукус шаҳрида жойлашган “Наўқан бағ” маҳалла фуқаролар йиғинида танлов бўлиб ўтди. Тадбир давомида маҳаллада фаолият юритаётган ишбилармон хотин-қизлар ўзларининг амалга оширган бизнес лойиҳалари, қўл меҳнати ва ишлаб чиқаришга қаратилган ташаббуслари билан иштирок этдилар.

Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъатига ўз фаолияти, эришган натижалари, маҳсулот сифати ва ҳажми, шунингдек, келгусидаги режа ва мақсадлари ҳақида атрофлича маълумот бердилар.

Танлов якунларига кўра, Меҳрибан Утемуратова танлов ғолибаси деб топилди. У 2023 йилдан буён ярим тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келмоқда. Айни кунда у кунлик 50–80 килограмм ҳажмда 11 турдаги ярим тайёр маҳсулотларни тайёрлаб, маҳаллий озиқ-овқат дўконларига етказиб бермоқда. Меҳрибаннинг фаолияти маҳаллада янги иш ўринлари яратиш, аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, танловда Айгул Койшибаева қўл меҳнати асосида турли хил сават маҳсулотлари ишлаб чиқариши билан, Роза Нуришова миллий либослар тикиш йўналишидаги фаолияти билан, Гулзада Есимбетова  эса  пиллачилик соҳасидаги самарали меҳнати тақдимоти билан иштирок этди. Уларнинг ҳар бири ўз йўналишида маҳаллий ҳунармандчиликни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.



Тадбир давомида иштирокчиларнинг бизнес ғоялари, ижодий ёндашуви ҳамда маҳаллада тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган фаолияти юқори баҳоланди. Ҳакамлар томонидан иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, инновацион ёндашуви ва маҳаллий бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқараётгани алоҳида эътироф этилди.

 

                                                                      Қорақалпоғистон ахборот агентлиги