Университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бормоқда

Бугун юртимизда олий ўқув юртларининг хорижий давлатлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашинуви яхши йўлга қўйилмоқда. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Биз университетнинг халқаро алоқалар бўйича проректори, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Тимур Нуримбетовга ўқув юртида ушбу йўналишда олиб борилаётган ишлар юзасидан саволлар билан мурожаат қилган эдик.
– Университетда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Университетимизда халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича босқичма-босқич мақсадли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, университет хориждаги олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот институтлари, халқаро ташкилотлар ва компаниялар билан меморандумлар тузган. Ушбу меморандумлар асосида талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг академик мобиллигини кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини тузиш ва қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган.
Университет профессор-ўқитувчиларининг халқаро грант лойиҳаларида иштирок этиши, нуфузли халқаро журналларда илмий мақолалар чоп этиши, халқаро конференция, семинар ва воркшопларда фаол иштирок этиши қўллаб-қувватланмоқда. Бу университетнинг халқаро рейтингларда (QS, THE) яхши кўрсаткичларга эришишига асос бўлмоқда.
Нукус атрофида 1 гектар қумли ерни тажриба майдони учун олиб, бу ерда маҳаллий чўлга чидамли ўсимликларни ва Хитой усули асосида ўша мамлакатдан олиб келинган ўсимликларни ўстириш ҳисобланади.
Бундан ташқари Германиянинг NetSCI илмий ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистон бўйича университетимизда UZGEB маркази очилди. Ушбу марказ Германиянинг дунёга машҳур олимлари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон ҳудудида биохилма-хилликни сақлаб қолиш ва экологик лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга мўлжалланган илмий марказ фаолиятини олиб боради.
– Халқаро ҳамкорлик доирасида хориждаги нуфузли таълим муассасалари билан алоқалар ўрнатиш, ҳамкорлик ва тажриба алмашиш бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Биз бугунги кунда хорижий давлатлардаги 100 га яқин нуфузли таълим даргоҳлари билан шартномалар тузганмиз. Жумладан, энг яқин алоқада ишлаётган Туркия, Қозоғистон, Хитой, Россия, Беларус университетлари билан шартномалар тузилган. Университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари юқорида келтирилган давлатларга тажриба алмашиш, малака оширишга юбориб келинмоқда.
– Ўқитувчилар ва талабаларнинг хорижий давлатларда билимларини ошириши ва уларнинг ишлаши бўйича қандай имкониятлар яратилган?
– Университет хорижий компания ва корхоналар билан ҳамкорликни ривожлантириб, талабаларнинг ўқув жараёнидан кейин хорижда амалиёт ўташи ва ишлаши учун платформалар яратмоқда. Халқаро касбга йўналтириш, CV ва мотиватсион хат тайёрлаш бўйича тренинглар, воркшоплар ҳам ташкил этиб келинмоқда. Талаба-ёшларнинг ёзги таътил даврида хорижда тажрибаларини ошириш учун университетимизда «Work and Travel» дастури йўлга қўйилган бўлиб, 2025 йили ушбу дастурга 350 талабанинг иштироки таъминланди.
Шунингдек, 100 га яқин талабаларнинг хорижий университетларга академик мобиллиги таъминланди. Шундан грант асосида:
- Словакиянинг миллий гранти NSP (National Scholarship Programme) – 18 талаба.
- Хитой стипендияси (Scholarship for foreigners) – 5 талаба
- Хитой Ланжоу ёзги мактаби – 9 нафар ўқувчи.
- Венгриянинг Stipendium Hungaricum гранти – 2 талаба.
- «Эрасмус+» дастурида – 5 нафар талаба.
- «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали Англия олий ўқув юртларига 5 нафар талаба-ёшлар грант ғолиби бўлди.
2025 йилда хориждаги ТОП 300 та олийгоҳда малака оширган профессор-ўқитувчилар сони 200 нафарга етди.
– Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг натижалари қандай бўлмоқда? Университет нуфузли халқаро рейтингларда қандай кўрсаткичларга эришмоқда?
– Қорақалпоқ давлат университетида халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ўз самарасини бермоқда ва университетнинг халқаро майдондаги нуфузи изчил ортиб бормоқда.
Хусусан, хорижий университетлар ва илмий марказлар билан ўрнатилган ҳамкорликлар натижасида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллиги ошди, қўшма илмий лойиҳалар сони кўпайди, шунингдек, халқаро грантлар кўлами кенгайди. Университет ўқитувчилари нуфузли Scopus ва Web of Science базаларига кирувчи журналларда илмий мақолалар эълон қилишни кучайтирди, бу ўз навбатида илмий салоҳият кўрсаткичларининг ўсишига асос бўлмоқда.
Халқаро ҳамкорлик доирасида ўқув дастурлари сифати яхшиланиб, қатор фанлар инглиз тилида ўқитила бошланди. Хориждаги талабалар сонининг ортиши ва халқаро профессорларни ўқув жараёнига жалб этиш университетнинг академик муҳитини халқаролаштиришга хизмат қилмоқда.
Амалга оширилаётган ушбу ишлар натижасида Қорақалпоқ давлат университети нуфузли халқаро рейтинглар – QS World University Rankings ва Times Higher Education (THE) рейтингларининг асосий индикаторлари бўйича ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Хусусан:
– академик нуфуз (academic reputation);
– илмий тадқиқотларнинг сифати ва иқтибосланиши;
– халқаро профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг улуши;
– таълим жараёнининг сифати;
– халқаро ҳамкорлик ва қўшма нашрлар кўрсаткичлари бўйича ижобий динамика кузатилмоқда.
Шунингдек, университет THE Impact Rankings доирасида Барқарор ривожланиш мақсадларига (СДГс) ҳисса қўшиш бўйича ўз фаолияти кўламини кенгайтириб, экология, сифатли таълим, инновация ва минтақавий ривожланиш йўналишларида фаол иш олиб бормоқда.
Умуман олганда, Қорақалпоқ давлат университетида халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган иш ўрнининг глобал билим майдонида тан олинишига, рейтинг кўрсаткичларининг изчил ўсишига ва унинг рақобатбардош университет сифатида шаклланишига мустаҳкам асос бўлмоқда.
– Бу йилги режалар ҳақида нималарни айтар эдингиз?
– Қорақалпоқ давлат университетида халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва уларни янги сифат босқичига олиб чиқиш келгуси йиллардаги асосий стратегик режалар сирасига киради.
Келгусида университет хориждаги нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, айниқса, Европа, Осиё ва Америка минтақаларидаги етакчи университетлар билан асосий академик ҳамкорликни ўрнатишни режалаштирмоқда. Бу борада қўшма таълим дастурлари, қўшма магистратура ва докторантура дастурларини ишга тушириш режалаштирилган.
Профессор-ўқитувчилар учун илғор хорижий университетларда илмий стажировкалар ва қўшма илмий лабораториялар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Scopus ва Web of Science базаларига кирувчи журналларда нашрлар сонини ошириш ва халқаро иқтибос келтиришни кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Талабалар учун халқаро академик мобиллик дастурларини кенгайтириш, хорижий грантлар ва стипендияларга тайёрлаш механизмларини кучайтириш, инглиз тилида ўқитиш фанлари ва дастурлари сонини кўпайтириш режалаштирилган. Шунингдек, хорижий талабаларни қизиқтириш бўйича маркетинг ва рекрутинг тадбирлари кучайтирилади.
Келгуси режаларда университетни QS World University Rankings ва Times Higher Education (THE) рейтингларига тўлиқ ва тизимли равишда киритиш, улардаги кўрсаткичларни изчил яхшилаш асосий мақсад этиб белгиланган. Бунинг учун академик нуфуз, илмий тадқиқот сифати, халқаролашув ва барқарор ривожланиш индикаторлари бўйича аниқ «йўл хариталари» ишлаб чиқилади.
Умуман олганда, Қорақалпоқ давлат университети келгуси режаларида халқаро таълим ва илм-фан майдонида ўз ўрнини мустаҳкамлаш, минтақавий эмас, балки глобал даражада рақобатбардош университетга айланишни ўз олдига асосий мақсад қилиб қўймоқда.
– Дарҳақиқат, изчиллик билан олиб борилаётган бу ишлар, университетнинг янги имкониятлар ва юксак марраларга эришишига замин яратиши аниқ. Бу борада университет жамоасига ва Сизнинг ишларингизда муваффақиятлар тилаймиз. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Суҳбатдош Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси