Илм-фан соҳасида ягона рақамли платформа ишга туширилади

7

Ўзбекистонда илмий лабораторияларнинг сунъий интеллектга асосланган ягона илмий платформаси ишга туширилади.

Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилаётган мазкур лойиҳа мамлакатдаги барча илмий-тадқиқот инфратузилмалари ҳақидаги маълумотларни ягона марказлашган ахборот ресурси сифатида жамлаб, уларни самарали бошқариш имконини беради.

Шунингдек, илм-фан ва инновацион фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларда илмий инфратузилмалардан фойдаланиш самарадорлигини прогнозлаш ва оптималлаштиришга оид таҳлиллар сунъий интеллект технологиялари орқали амалга оширилади. Бу эса вақт ва моддий ресурсларни тежашга хизмат қилади.

Қайд этилишича, мазкур платформа соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, илмий ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, платформа илмий изланишлар сифатини ошириш, такрорий харажатларни камайтириш ҳамда республиканинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган илмий лабораториялар имкониятларидан тўлиқ ва мақсадли фойдаланиш имконини яратади.

Сунъий интеллект технологиялари асосида яратилаётган мазкур платформа республикада илм-фаннинг рақамли келажагини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Н.Раҳмонова,  

ЎзА