OCA’нинг 46-Бош ассамблеясига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди

6

Жорий йилнинг 24-27 январь кунлари пойтахтимиз Тошкентда Осиё олимпия кенгашининг (OCA) навбатдаги 46-Бош ассамблея йиғилиши бўлиб ўтади.

Қитъанинг 45 га яқин мамлакатидан 350 нафардан зиёд спорт раҳбарлари, ўнлаб халқаро спорт ташкилотлари мутасаддилари, Халқаро олимпия қўмитаси ижроқўм аъзолари иштирокида ўтадиган мазкур тадбирни юқори савияда ташкил этишга бағишланган йиғилишда тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.

Спорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, спорт федерациялар ва ассоциацияларнинг масъуллари иштирокидаги йиғилишда халқаро аҳамиятга молик тадбирларни белгиланган талабномалар асосида молиялаштириш, ажратилаётган бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, шунингдек, мазкур жараёнлар устидан назоратни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, Осиё олимпия кенгаши Бош ассамблеясига ташриф буюрадиган юқори мартабали меҳмонларни муносиб кутиб олиш, ташкилий, ахборот ва хавфсизлик масалаларини мувофиқлаштирган ҳолда амалга ошириш борасидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Т.Рўзиев,

ЎзА