Ахборот хизмати раҳбарлари қай тарзда аттестациядан ўтказилади?

6

Мавжуд тартибга асосан, талабгор Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ҳар уч йилда бир маротаба аттестациядан ўтиши шарт.

Қайд этиш лозимки, жорий йилнинг 22 январида “Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизмати раҳбарларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган ва унда бир қанча вазифалар белгилаб қўйилган.

Унга кўра, талабгорларни аттестациядан ўтказиш учун Марказ директорининг буйруғи билан камида 7 кишидан иборат Аттестация комиссияси тузилади. Комиссия аттестациядан ўтиш муддати келган талабгорларнинг рўйхатини тақдим этиш бўйича давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилади.

Комиссия томонидан талабгорларнинг анкетаси 10 кун ичида атрофлича ўрганиб чиқилиб, аттестациядан ўтадиган талабгорлар рўйхати тасдиқланади.

Аттестация 2 ой ичида бўлиб ўтади, 5 та савол ва амалий синовлардан иборат оғзаки суҳбат шаклида ўтказилади. Аттестация ўтказиш вақтида талабгорнинг суҳбат натижалари 5 баллик тизимда баҳоланади. Бунда камида 4 балл билан баҳоланган талабгор аттестациядан ўтган деб топилади ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА