Муддатли ҳарбий хизматчиларни касбга йўналтириш мақсадида Нукус шаҳридаги мономарказга саёҳат ташкил этилди

19

Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматни тугатгандан сўнг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ўз келажагини аниқ касб-ҳунар билан боғлашига кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳрида жойлашган мономарказга амалий саёҳат ташкил этилди.

Мазкур ташриф давомида ҳарбий хизматчилар мономарказда яратилган замонавий шароитлар, ўқув хоналари, амалий машғулотлар учун мўлжалланган устахоналар ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш йўналишлари билан яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан марказ фаолияти, ўқув жараёнлари, қисқа муддатли курслар, замонавий касблар ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчиларга ахборот технологиялари, тикувчилик, пайвандлаш, автомеханика, электротехника, сартарошлик ва бошқа касблар бўйича ўқиш имкониятлари, ўқиш муддати, якунда бериладиган давлат намунасидаги сертификатлар ҳамда бандлик масалалари бўйича муҳим маълумотлар етказилди.

Саёҳат давомида ҳарбий хизматчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олиб, шахсий қизиқишлари ва қобилиятларидан келиб чиқиб келажак касбини танлаш бўйича муҳим тасаввурларга эга бўлдилар. Айрим иштирокчилар мономарказда фаолият юритаётган ўқувчиларнинг амалий ишлари катта қизиқиш билан кузатди.

Мазкур ташриф муддатли ҳарбий хизматчиларнинг касбга йўналтирилиши, уларнинг ижтимоий мослашуви ва келгусида барқарор бандлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, Янги Ўзбекистон ёшлари учун яратилаётган кенг имкониятларнинг яққол ифодаси бўлди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги