Ҳар ой “Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик акцияси ўтказилади
Шу йилнинг 20 январида қабул қилинган “2026-2030 йилларда қон билан ишлаш хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида янги тизим йўлга қўйилади.
Яъни, 2026 йил 1 октябрдан қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотлари хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш бўйича барча техник ва тиббий жараёнларни тартибга солувчи стандарт операцион жараёнлар ҳамда хавфсизлик баённомалари жорий қилинади.
“Эҳтиёж – қайта ишлаш – етказиш” занжири доирасида бизнес жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилади.
2027 йил 1 мартдан “Қон маҳсулотлари электрон ҳисобини юритиш” ахборот тизими жорий этилади.
2026 йил 1 октябрдан қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида қон маҳсулотларини мажбурий тартибда 2 босқичли скрининг текширувидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан беғараз қон донорлиги ҳаракатини ривожлантириш мақсадида ҳар ойда “Бирга ҳаётни сақлаймиз” миллий донорлик акцияси ўтказилади. Мазкур акция доирасида ҳар ойнинг 1 ҳафтаси мобайнида – қон билан ишлаш хизмати ташкилотларида, ҳар ойнинг 3 ҳафтаси мобайнида – таълим, даволаш ва бошқа ташкилотларда қон донорлиги ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимига кирувчи вазирлик, идора ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида ҳар йили 1 маротаба донорлик кунлари ўтказилади.
Меҳнат жамоаларида донорлик кунларини ўтказиш йўлга қўйилади.
Умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий ҳамда олий таълим ташкилотларида донорлик бўйича маънавий-маърифий тадбир ва учрашувлар ташкил этилади.
Шунингдек, туғруқда тиббий ёрдам кўрсатувчи ҳар бир муассасада қон ва унинг таркибий қисмлари шошилинч захираси ташкил этилиши ҳамда уни қон ва унинг таркибий қисмлари, жумладан, плазма ва эритроцитар масса захираси билан таъминланиши белгиланди.
М,Қосимова,
ЎзА