13 ёшгача смартфонга эга бўлиш келажакдаги руҳий саломатлик учун жиддий хавф туғдиради

8

Sapien Labs тадқиқотчилари дунё бўйлаб 100 000 дан ортиқ кишининг маълумотларини таҳлил қилиб, шундай хулосага келишди.

Таҳлилларга кўра, илк смартфонини 13 ёшгача олган ёшларнинг 18–24 ёш оралиғидаги руҳий фаровонлик кўрсаткичлари сезиларли даражада паст бўлган. Масалан, қурилмадан беш ёшида фойдаланишни бошлаганлар ментал саломатлик шкаласи (MHQ) бўйича ўртача атиги 1 балл тўплашган бўлса, телефонни 13 ёшида олганларда бу кўрсаткич 30 баллни ташкил этган. Смартфонга эрта эгалик қилиш билан боғлиқ ўзига хос аломатларга ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги фикрлар, тажовузкорлик, воқеликдан узилиб қолиш ва галлюцинациялар киради.

Смартфондан эрта фойдаланиш аёлларда ўз-ўзига бўлган ишонч, қадр-қиммат ва ҳиссий чидамлиликнинг пасайишига, эркакларда эса барқарорлик, хотиржамлик ва ҳамдардлик (эмпатия) ҳиссининг камайишига олиб келади.

Тадқиқот натижаларига кўра, ушбу муаммоларнинг тахминан 40 фоизи ижтимоий тармоқларга эрта кириш билан изоҳланади. Қўшимча омиллар сифатида қуйидагилар келтирилган:

  • Оиладаги носоғлом муносабатлар (13%);
  • Кибербуллинг — интернетдаги таҳқирлашлар (10%);
  • Уйқунинг бузилиши (12%).

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бу оқибатлар глобал характерга эга бўлиб, мамлакат, маданият ёки тилга боғлиқ эмас. Смартфонга эрта эга бўлишнинг салбий таъсири барча минтақалардаги ёшларда бир хил намоён бўлмоқда, COVID-19 пандемияси эса бу тенденцияни янада кучайтирган бўлиши мумкин.

Экспертлар смартфонларга нисбатан худди алкоголь ва тамаки маҳсулотлари каби тартибга солувчи чораларни қўллашга чақиришмоқда. Таклифлар орасида 13 ёшга тўлмаган болаларнинг смартфонлардан фойдаланишини чеклаш, рақамли саводхонлик бўйича мажбурий таълим бериш ҳамда ижтимоий тармоқлардаги ёш чекловлари устидан назоратни кучайтириш бор.

Баъзи давлатлар аллақачон бу йўналишда қадам ташламоқда: Франция, Австралия, Нидерландия, Италия ва Янги Зеландияда мактабларда телефонлардан фойдаланиш қисман тақиқланди. АҚШнинг бир неча штатларида ҳам чекловлар жорий этилган, хусусан, яқинда Нью-Йорк ўқув муассасаларида смартфонлардан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашини эълон қилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги