Божхона иши: тадбиркор аёлларга янги имконият

30

 

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Божхона қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси томонидан жорий йилнинг 20-22 январь кунлари тадбиркор аёллар учун «Божхона иши» йўналиши бўйича масофадан туриб ўқув курслари ташкил этилди.

Ушбу 3 кунлик ўқув курсларига республикамиздан 100 га яқин тадбиркор хотин-қиз қатнашди.

Ўқув курслари давомида юк операцияси жараёнларини рақамлаштириш, ваколатли иқтисодий операторлар учун яратиб берилган соддалаштиришлар, товарларни жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали олиб ўтиш тартиб-таомиллари, ташқи иқтисодий фаолиятни нотариф тартибга солиш асослари, товарларни қайта ишлаш истиқболлари, шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятларини олиш тартиб-таомиллари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Ўқув курсининг учинчи кунида иштирокчилар Нукус ташқи иқтисодий алоқа божхона постига бориб, пост фаолияти билан таништирилди. Ўқиш давомида олинган назарий билимлар амалий жиҳатдан кўрсатиб берилди.

– Ўқиш давомида тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, хотин-қизлар учун ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш борасида Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарор ва фармонлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Шунингдек, хотин-қизлар раҳбарлигида республикамизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳақида ҳам маълумотлар олиб, улар билан тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдик, – дейди тадбиркор Наргул Худайбергенова.

Тадбир давомида иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги