2025 йилда Ўзбекистон аэропортлари 15,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатди

45

Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда қайд этилишича, 2025 йил якунларига кўра, «Uzbekistan Airports» йўловчилар оқими, авиарейслар сони ҳамда юк ташиш ҳажмларида барқарор ўсишни қайд этди.

Январь–декабрь ойларида мамлакат аэропортлари жами 128 минг 972 та авиарейсга хизмат кўрсатди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 14 фоизга кўп. Шундан 92 минг 480 та рейс халқаро, 36 минг 492 та рейс эса ички йўналишларда амалга оширилди.

Йил давомида Ўзбекистон аэропортлари орқали 15,5 миллион йўловчи сафар қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 15 фоизлик ўсишни ташкил этади. Йўловчиларнинг 12,7 миллиони халқаро, 2,8 миллиони эса ички рейслар ҳиссасига тўғри келди.

Юк ташиш соҳасида ҳам ижобий динамика сақланиб қолди. 2025 йилда аэропортлар орқали 98 минг 137 тонна юк ва почта ташилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 12 фоизга кўп.

Шунингдек, ўтган йилда Ўзбекистон аэропортларига тўртта янги халқаро авиакомпания жалб этилди. Улар орасида Хитойнинг «Air China» ва «China Eastern», Кореянинг «T’Way», шунингдек, Малайзиянинг «AirAsia» авиакомпаниялари бор.

Ш.Маматуропова,

ЎзА