Янги молиявий механизмлар: тадбиркорликни ривожлантиришга янги босқич

43

Қўнғирот тумани ҳокимлигида «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ мутахассислари, Савдо-саноат палатаси вакиллари, тумандаги тижорат банклари ва маҳаллий тадбиркорлар иштирокида навбатдаги ўқув семинари ташкил этилди.

Семинар давомида компаниянинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган асосий хизматлари, имтиёзлари ва янги молиявий механизмлари ҳақида маълумотлар берилди.

Хусусан, кичик, ўрта ва йирик тадбиркорлар учун кредит, лизинг, банк кафолати ва аккредитивлар бўйича 10 миллиард сўмгача кафиллик берилиши маълум қилинди. Хизматлар ипотекаси бўйича эса, 5-7 йилгача қайтариш шарти асосида 5 млрд. сўмдан 20 млрд. сўмгача, 84 ойгача муддатга кўчмас мулк ёки асбоб-ускуналар сотиб олиш учун ипотека механизмлари тушунтирилди. Шунингдек, кичик тадбиркорларга 3 млрд., ўрта тадбиркорларга 5 млрд. сўмгача компания томонидан улуш киритиш имкониятлари берилиши ҳам таъкидланиб, тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида тижорат банклари, микромолия ташкилотлари ва лизинг компанияларига паст фоиз ставкалари асосида ресурслар ажратилиши маълум қилинди.

Қайд этилганидек, тадбиркорларга банк кредитлари бўйича фоиз ставкасининг 5, 6 фоизгача бўлган қисми компания томонидан қоплаб берилади.

Шунингдек, семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир қатор фармон ва қарорлари бўйича маълумотлар берилиб, расмийлаштириш, кредит олиш тартиби, бизнес-режа тузиш ва компенсация олиш бўйича тавсиялар берилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги