Ёш олимлар учун имкониятлар кенгаймоқда

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида илм-фан ва таълим интеграциясини мустаҳкамлаш, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг илмий салоҳиятини янада оширишга қаратилган «Академик ва ёш олимлар» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, академик А.Реймов, шунингдек, университетнинг магистрантлари, докторантлари ва фаол ёш олимлар иштирок этди.
Учрашувда бугунги кунда олий таълим муассасасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳақида маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, мазкур қарорда мамлакатда илм-фанни ривожлантириш, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ёш олимларнинг илмий фаолиятини рағбатлантириш, Фанлар академияси ва олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Академикнинг таъкидлашича, мазкур қарор илм-фан соҳасида туб бурилиш ясаш, замонавий илмий мактабларни шакллантириш ва ёш тадқиқотчилар учун кенг имкониятлар яратишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ этиш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида давом этиб, магистрантлар, докторантлар ва ёш олимлар ўзларининг илмий ишлари, тадқиқот йўналишлари, муаммолари ва истиқболли режалари ҳақида фикр алмашди.

Академик ёш тадқиқотчиларнинг саволларига атрофлича жавоб бериб, илмий ишларни сифатли олиб бориш, халқаро нашрларда мақолалар чоп этиш, грант лойиҳаларида фаол иштирок этиш бўйича қимматли тавсиялар берди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги