Пойтахт марказидаги «Олмазор»

17

Юрт ободлиги маҳалладан бошланади. Маҳалла эса бир неча хонадоннинг йиғиндиси. Шундай экан, оилаларда тинчлик, аҳиллик, тартиб, қут-барака бўлса маҳалла кўркамлашиб, обод бўлиб бораверади.

Президентимиз томонидан маҳаллаларни ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилиб, бу борада мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ҳам «Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йили деб белгиланиши юртимизда маҳаллалар фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудларни обод қилиш, кўпмиллатли маҳалла ҳаётини янада мустаҳкамлаш, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одат ва анъаналаримизни бузмасдан соф ҳолда давом эттириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларни ёт иллатлардан холи қилиш, тўй-маросимларни исрофгарчиликсиз ўтказиш каби вазифаларни масъулият билан адо этишни мутасаддилар олдига улкан вазифа қилиб қўймоқда. Албатта, бу вазифаларни ўз вақтида бажариб, масъулият билан олиб боришда маҳалла раислари ва маҳалла еттилигининг ўрни алоҳида.

Биз пойтахтимиздаги «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, маҳалла раиси Айназар Бегжанов билан маҳаллада олиб борилаётган ишлар ҳақида суҳбатлашган эдик.

– Бугунги кунда республикамизнинг қайси ҳудудига, қайси миллатига борса ҳам ҳурматли Президентимиз олиб бораётган адолатли сиёсатини, айниқса, Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори билан мамлакатимиз тобора ёшариб, янгиланиб, халқимизнинг фаровон турмуш кечиришига мустаҳкам пойдевор яратилаётганининг далили бўлса керак.

Айниқса, шу тўққиз йил ичидаги янгиланишлар билан ажралишлар кимнинг бўлса ҳам ҳавасини келтириб, турмушдан рози бўлиб яшашига олиб келмоқда.

Буни ўзим раҳбарлик қилаётган Нукус шаҳри «Олмазор» маҳалла фуқаролар йиғини мисолида олиб қарайдиган бўлсам, биргина сўнгги тўрт-беш йил ичида ҳудудда эл ҳавас қиладиган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиб, сезиларли даражада олдинга силжишларга йўналиш олингани кўзга ташланди.

Бундан 10-15 йил олдин ҳудудимизда фақат битта ёки саноқли икки қаватли уйлар бўлган бўлса, сўнгги икки-уч йил ичида беш қаватдан иборат 72 хонали иккита турар жой, икки қаватли 28 коттеж уй ва уч қаватли битта тўйхона қад ростлаб, ҳудудимиз кўркига кўрк, чиройига чирой қўшмоқда. Ҳозирда уч қаватли маданий-маиший объектнинг қурилиш ишлари қизғин давом эттирилмоқда.

Ҳудудимиздан 2019 йилда ойига 150-180 тонна сут қайта ишланиб, ундан 15 хил маҳсулот олиш имкониятига эга «Паномилк» сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси ишга туширилиб, уйида ишсиз ўтирган 30 нафар ҳудуд фуқароси ишга қабул қилинди ва бандлиги таъминланди. «Қуёшли» кўчаси бўйида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли «Гемодиализ» тиббиёт маркази қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2024 йилнинг ноябрь ойида маҳалла фуқаролар йиғини ҳаётида узоқ кутилган қувончли тарихий воқеа юз берди. Яъни, бундан олдин 33 йил давомида мактаб ва бошқа бир қанча муассаса, ташкилотларнинг бўшлиғида ижарада яшаб келган маҳалла фуқаролар йиғини энди барча қулайликларга эга, замонавий намунадаги, кенг ва ёруғ иссиқ хонали ўз биносига эга бўлди. Бу ерда ҳудуд аҳолисининг бўш вақтлари келиб, газета-журнал, китоблар ўқиб, шахмат-шашка ўйнаб, кўнгилли дам олиши учун махсус хона яратилган.

Бугунги кунда ҳудудимизда саккиз миллат вакилларини ўз ичига қамраб олган 2500 дан зиёд аҳоли 627 та хонадонда бир отанинг боласидек бўлиб, мустаҳкам ҳамжиҳатлик билан фаровон ҳаёт кечириб келмоқда. Уларга иккита оилавий маиший хизмат уйи, еттита озиқ-овқат ва аралаш маҳсулотлар дўкони, битта буфет, тўртта оилавий нон ёпиш цехи, учта қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, учта умумий овқатланиш шохобчаси, учта тўйхона, иккита тозаланган сув, битта ем сотиш жойи, битта кардио клиника, еттита дорихона, битта массажхона, битта машина ювиш ва машина мойини алмаштириш шохобчалари доимий равишда сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда.

Битта умумтаълим мактаби, бешта мактабгача таълим муассасаси (буларнинг иккитаси давлат, учтаси хусусий боғча) ҳудуд аҳолисининг ўғил-қизларига таълим-тарбия бериб келмоқда.

Ҳудудимизнинг бошқа ҳудудларга нисбатан афзал жиҳати шундаки – бу ерда илгари республика раҳбари бўлиб ишлаган икки давлат арбоби ва жамоат арбоби, уч нафар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари, уч нафар академик, уч нафар шаҳар ва туманларнинг собиқ ҳокимлари, тўққизта республика миқёсидаги муассаса, ташкилотларни бошқарган инсонлар, тўрт нафар фан доктори, икки нафар фан номзоди ва турли соҳаларда масъул лавозимларда ишлаган ўнлаб ибратли инсонлар яшаб ўтди.

Халқимизда катталарни ҳурмат қилишдек яхши фазилатлар бор. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ҳудудда яшовчи 430 дан ортиқ нуронийларимизнинг қадр-қиммати, ҳурмат-эҳтироми ўз ўрнига қўйилиб, уларнинг театрларга бориб, кўнгилга ёқимли концерт дастурлари ва спектакллар кўриб, мазмунли дам олишлари ва юртимизнинг шифобахш масканларига бориб, соғлиқларини мустаҳкамлаб қайтишлари учун кўплаб имкониятлар яратиб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил, 25 ноябрдаги «Камбағалликдан фаровонликка ўтиш дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2025 йилнинг январь ойида ижтимоий ёрдамга муҳтож 15 та камбағал оила фаол нуронийлар Сражатдин Алламбергенов, Идирис Қосназаров, Турсиной Байлепесоваларга (ҳар бирига беш оиладан) олти ой муддатга бириктирилиб берилиб, биринчи ярим йилликда 9 та оила камбағаллик реестридан чиқарилган бўлса, иккинчи ярим йилликда фаол нуронийлар Идирис Қосназаров, Генжемурат Тўремуратов, Турсиной Байлепесоваларнинг ҳар бирига беш камбағал оила бириктирилиб, йил охирида икки босқичда бириктирилиб берилган барча оилаларнинг камбағаллик реэстридан чиқарилиши таъминланди

Фаол нуроний И.Қосназаровнинг бевосита ташаббуси ва ташкилотчилиги билан маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳудудга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Э.Бекбаулиевларнинг қўллаб-қувватлаши ва амалий ёрдамлар кўрсатиб боришининг, шунингдек, уч фаол тадбиркорнинг беғараз қилган хайр-саховат ишлари туфайли камбағаллик реэстрида турган бир оиланинг эски намунада қурилган кичкина икки хонали уйи 2025 йилнинг ноябрь ойида барча қулайликларга эга, замонавий намунадаги кенг ва ёруғ тўрт хонали уйга айлантириб берилди. Натижада ўша хонадон эгалари иккинчи гуруҳ ногирони И.Жуманиязов ва Г.Оразимбетовалар бу ёрдамдан хурсанд бўлди.

Ўтган йилнинг 10 декабрь куни ҳудудимиз ҳаётида биринчи марта марта «Энг кўп китоб ўқиган ҳудуд оқсоқоли» танлови ўтказилиб, унинг ғолиблари маҳалла фуқаролар йиғини раисининг «Фахрий ёрлиқ»лари билан тақдирланди. Буни ўтказишдан мақсад, ҳудуд нуронийлари ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг маънавий оламини бойитиб боришдир. Шу билан бирга, 2025 йилнинг 20 ноябрь ойида нуронийлар ўртасида шахмат-шашка мусобақаси ўтказилди. Уларнинг вақтини мазмунли ўтказиш ва юртимизнинг бой тарихий қадамжолари билан таништириб бориш мақсадида 2022 йилда 21 нуроний Хива ва Самарқанд шаҳарларига, 2023 йилда 25 нуроний Элликқалъа ва Беруний туманларидаги тарихий қадамжоларга зиёратга олиб борилди.

Шунингдек, «Бир нуроний ўн ёшга масъул» дастури бўйича ҳудудимиздаги фаол нуронийлар ёшлар тарбияси билан яқиндан шуғулланиб, улар билан учрашув кечаларини ўтказиб, ўзларининг маслаҳатлари, йўл-йўриқларини бериб келмоқда. Айниқса, уларнинг ҳаёт йўлидан адашган ёшларга, шунингдек, ҳуқуқбузарлик ва жиноий йўлларга кириб кетишининг олдини олиш бўйича бераётган маслаҳатлари ўз самарасини бериб келмоқда. Бу борада «Уч авлод» учрашувларини ҳам самарали ташкил этиб келмоқдамиз.

Ҳудудимизнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиб бориш маҳалла фуқаролар йиғинининг диққат-эътиборида турган энг зарур ва долзарб масалалардан бири саналади. Бу борада ҳудудга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси Есенгелди Бекбаулиев, ижтимоий ходим Жақсимурат Сапаров, ёшлар етакчиси Наврўз Калиев ва ҳудуд банкири Бахит Сирғабаевлар билан ҳамкорликда мақсадга йўналтирилган зарур чора-тадбирларни амалга оширдик. Хусусан, 2024 йилда ижтимоий ёрдамга муҳтож кам таъминланган 83 та оилага, 2025 йилда 67 та оилага ёрдам пули ва болалар нафақаси бир йил давомида тўлиқ тўлаб келинди. Саховат ва кўмак жамғармаси ҳисобидан 2024 йилда учта эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига 17 миллион сўм, 2025 йилда бир оилага 17 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиб, уйларида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилди.

2024 йилда ногиронлиги бўлган 7 нафар фуқарога дори-дармон олиб, соғлиғини яхшилаб олиши учун 12 миллион сўм, 2025 йилда 5 нафар фуқарога 9 миллион сўм маблағлар пластик карталарига тушириб берилди.

2024 йилда кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган 9 нафар, 2025 йилда 5 нафар фуқаро соғломлаштириш марказларига юборилиб, соғлиғини мустаҳкамлаб қайтди. Ўтган йили ногиронлиги бўлган 5 нафар фуқаро ўзларига қулай иш билан таъминланиб, бандлиги таъминланди. 2025 йилда қаровчиси йўқ 5 нафар ёлғиз онага 11 миллион сўмлик кийим-кечаклар олиб берилди. Ўтган йили маҳалла фуқаролар йиғини томонидан 2 та кам таъминланган оиланинг уйлари шифер билан қопланиб, ёмғир ўтказмайдиган даражага келтирилди.

Ҳудудимизда тўй ва бошқа маросимларни дабдабасиз, ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш борасида мақсадга мувофиқ ишлар олиб борилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинининг тегишли Баённома қарори билан тўққиз кишидан иборат махсус ишчи гуруҳ тузилиб, уларнинг бажарадиган вазифалари белгилаб берилди. Натижада дабдабага берилиб, тўй ва маросимларни кўп одам йиғиб ўтказиш, исрофгарчилик ҳолатлари бироз тартибга солинди. Ҳозирги вақтда тўй маросимларини исрофгарчиликсиз, ихчам қилиб ўтказиш масаласи диққат-эътиборимизда турибди.

2025 йил 10 декабрь куни маҳалла фуқаролар йиғинида йил якунига бағишланган йиғилиш ўтказилиб, бир йил давомида олиб борилган ишларга таҳлил қилиниб, 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди. 10 нафар фаол нуроний ва маҳалла оқсоқолларининг йил давомида олиб борган муносиб хизматлари муносиб баҳоланиб, маҳалла фуқаролар йиғинининг «Фахрий ёрлиқ»лари билан тақдирланди. Буларнинг барчаси ҳудуд аҳлини қувонтириб, эртанги кундан катта умидлар кутиб яшашига интилмоқда.

Мана бу йилги 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб белгиланиши мамлакатимиз ҳаётида маҳалланинг аҳамияти беқиёс эканлигини англатади. Президентимизнинг маҳаллаларни ривожлантиришга бўлган эътибори биз мутасаддиларга янада катта масъулият юкламоқда. Биз келгусида ҳам халқимиз ўртасида ҳамжиҳатликни сақлаб, ҳудудимизни ҳар томонлама ривожланган обод масканга айлантириш орқали ҳудуд аҳолисининг тинч-осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришига имкониятлар яратиб бериш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашдек ишларимизни давом эттирамиз.

Суҳбатдош Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги